Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар омбудсманига бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилмоқда (+видео)
17:39 / 2023-11-28

Болалар омбудсманига янги ваколатлар берилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонунга кўра:

- парламент мажлисларида Болалар омбудсмани маърузаси ҳар йили эшитилиши кўзда тутилмоқда. Бу ваколат орқали Болалар омбудсмани бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эътибор қаратилиши зарур бўлган долзарб муаммоларни парламент майдонига олиб чиқади ва уларнинг ечими бўйича таклифлар беради; 

- Болалар омбудсманига мансабдор шахсларга қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш ва тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Бундай ҳуқуқ Болалар омбудсмани фаолияти таъсирчанлигини оширади. Хусусан, бу бола манфаатларини бузилишига йўл қўйган ҳар қандай мансабдорга тегишли чора кўрилишига эришиш имконини яратади; 

- Болалар омбудсманининг Олий Мажлис, Конститусиявий суд, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида иштирок этиш ва масалалар киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Мазкур ҳуқуқ орқали Болалар омбудсмани парламентда, ижро органларида ва судларда бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилади, мазкур органлар эътиборини айнан бола манфаати устунлигига қаратади; 

- лойиҳага кўра суриштирув, тергов органлари ва суд вояга етмаганларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки жинсий эркинлигига қарши жиноятларга оид қабул қилган қарор, ҳукм (ажрим)лари тўғрисида Болалар омбудсманини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бундай хабардорлик натижасида болаларга қарши жиноят фактлари яширилиши, бундай ишларнинг қонунга зид равишда тугатилиши, тергов қилинмаслиги ёки судда кўрилмаслиги олди олинади; 

- шу билан бирга, қонун билан Болалар омбудсманига: 
– вояга етмаган шахс иштирок этган жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш ва улардан кўчирма нусхалар олиш; 

- боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида иштирок этиш; 

- ҳукм билан танишиб, бола манфаатидан келиб чиқиб, прокуратурага ҳукм устидан протест билдириш ҳақида мурожаат қилиш ваколати берилмоқда.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xmu6Qb71AYk" title="Болалар омбудсманига бир қатор ҳуқуқ ва ваколатлар берилмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қонун қабул қилиниб, кучга кирса, болалар омбудсмани вояга етмаган шахсларнинг барча турдаги ҳуқуқ ва манфаатини мустаҳкам ҳимоя қила оладиган ва бунинг учун етарлича ваколатга эга бўладиган институтга айланади.

М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА