Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар омбудсмани: уч йилда 2 минг 72 нафар шахс ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди
09:48 / 2023-07-19

Болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бормоқда. Бунинг сабаби нима? Қандай қилиб бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мумкин?

Бу саволларга Болалар омбудсмани Алия Юнусова жавоб берди:  

– Мавжуд ҳуқуқий механизмлар зўравонликларнинг олдини олиш ҳамда жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда етарли самарасини бермаётганини кўрсатмоқда. Кейинги уч йилда 2 минг 72 нафар шахс судлар томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.  

Шундан 1 минг 777 нафари ёки 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортган бўлса, 23 нафари ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилган, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлган, куч ишлатган ёки руҳий таъсир кўрсатган.  

Конституциянинг 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган.  

Оила кодексининг 75-моддасига мувофиқ, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас.  

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан ҳоли бўлиши керак.  

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади, деб белгиланган.  

Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳолат, яъни фарзандларини дўппослаган аёлни олиб кўрайлик. Каттақўрғон туманида яшовчи аёл Россия Федерациясида бўлган турмуш ўртоғи билан телефон орқали мулоқотда юзага келган келишмовчик  сабабли икки нафар вояга етмаган фарзандини уриб, ҳолатни тасвирга олган. Бу юртдошларимизнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлди.  

Масъулларнинг ўрганишича, болаларни калтаклаган она турмуш ўртоғи билан севишиб турмуш қурган. Уч нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи хорижга ишлашга кетган. Келин оиласида қайин опаси билан бир неча йилдан буён келишмай келгани сабабли ота уйига кетиб қолган. Ота уйида молиявий жиҳатдан қийналган, турмуш ўртоғидан пул юборишини талаб қилган. Натижада жанжал келиб чиққан ва шу ҳолат юз берган.  

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Бу ҳолатда болаларнинг отаси қонунда белгиланган мажбуриятларини бажармагани, оилага учинчи шахсларнинг аралашуви болаларга нисбатан зўравонлик қилиш учун шарт-шароит яратган. Лекин, афсуски, болаларнинг онасидан бошқалар жавобгарликдан четда қолмоқда.  

Юқоридаги ҳолатда отанинг болаларига ғамхўрлик қилмаётгани ҳам болаларга нисбатан зўравонлик учун шарт-шароит яратган.  

Бундай ҳолатга йўл қўйган оила аъзоларини ҳам, аёлни ҳам мутлақо оқлаб бўлмайди, албатта.  

Қайд этиш лозимки, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил назоратида масъул ижрочилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.  

Ушбу лойиҳада “ғамхўрлик кўрсатмаслик” тушунчаси очиб берилмоқда. Яни, ғамхўрлик кўрсатмаслик – ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) зарур имкониятлар, билим ва кўникмалар, шунингдек, тегишли хизматлардан (давлат, тиббий, таълим, ижтимоий ва бошқалар) фойдаланиш имкониятига эга бўлишига қарамай қарамоғидаги боланинг соғлиғи, жисмоний, ақлий, маънавий ва ахлоқий ривожланишининг жиддий бузилишига олиб келиши мумкин бўлган жисмоний, моддий ва (ёки) психологик эҳтиёжларини қондирмаслик каби ҳолатлар кўрсатиб ўтилган.  

Лекин қонун лойиҳаси қабул қилиниб, кучга киришини кутиб ўтирмаслигимиз керак. Юқоридаги ҳолатларнинг бошқа такрорланмаслиги, болаларга зулм қилинмаслиги учун ҳар ким ўз оиласини ислоҳ қилиши, фарзандларининг баркамол бўлиб улғайишига муносиб шароит яратиши керак. Катталарнинг ўзаро келишмовчилиги натижасида болаларнинг азобланиши жуда ачинарли ҳолат.  

Болалар ҳимояга муҳтож қатлам, уларни ҳимоя қилиш барчамизнинг олий бурчимизга айланмоғи зарур.  

Норгул Абдураимова, ЎзА