Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) номига ўтган йилда 1 минг 934 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 509 таси ижобий ҳал этилган, 708 таси бўйича эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Болалар омбудсманининг 35 шахсий қабули ташкил этилган бўлиб, уларда жисмоний ва юридик шахсларнинг 98 мурожаати кўриб чиқилган.
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг қўшма мажлисида қайд этилди.
Болалар омбудсманининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши ҳақидаги маърузасини кўриб чиқиш асносида фуқароларнинг мурожаатлари ва болаларга нисбатан содир этилган жиноятларга оид суд хабарномалари асосида Болалар омбудсмани ва унинг котибияти ходимлари 46 фуқаролик, жиноят ва маъмурий ишлар юзасидан судларда кузатувчи сифатида иштирок этган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинги натижаларига кўра, айрим давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилгани аниқланган. Мазкур ҳолатлар юзасидан таъсир чоралари кўрилиб, Болалар омбудсмани томонидан 2 та огоҳлантириш, 3 та тақдимнома ҳамда 18 хулоса киритилган.
2025 йил давомида бола ҳуқуқлари соҳасида миллий қонунчилик ва халқаро стандартларни тарғиб қилиш, бола манфаатлари ҳимоясига оид 2 минг 239 материал ОАВда эълон қилинган.
Муҳокама давомида масъул вазирлик ва идора вакиллари томонидан инсон ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда уларнинг манфаатларини таъминлашга оид фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокама якунида қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА