«Мадад» – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксариятини пенсия ва ижтимоий ҳимоя масалалари ташкил этади.
Ушбу тоифадаги мурожаатлар орасида кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш ҳамда тўлаш масалалари салмоғи жиҳатидан муҳим ўрин тутади.
Маълумки, болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом асосида амалга оширилади.
Шу ўринда маълумот сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2021 йил 11 августдаги фармонига мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг қуйидаги миқдорлари белгиланганини кўрсатиб ўтиш жоиз:
а) болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
250 000 сўм – 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун,
325 000 сўм – ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун;
150 000 сўм – оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча;
100 000 сўмдан – оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун;
б) кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори – 380 000 сўм.
Муассасамиз томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида қонунчилик ҳужжатлари таҳлил қилинганда, ушбу Низомнинг айрим нормалари юқори турувчи норматив – ҳуқуқий ҳужжатга номувофиқ эканлиги, шунингдек унда белгиланган айрим қоидаларни фуқароларимиз учун қулай тарзда соддалаштириш ҳамда такомиллаштириш зарурияти мавжудлиги аниқланди.
Биринчидан, Низом 7-бандининг учинчи хатбошисига кўра, 2022 йилдан бошлаб – оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда бундай оила кам таъминланган деб эътироф этилади.
Давлат статистика қўмитаси томонидан 2022 йил учун минимал истеъмол харажатлари миқдори 498 000 сўмни ташкил қилиши белгиланган.
Низомнинг 20, 23 ва 30-бандларига кўра, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ойлик ўртача жами даромадни ҳисоблашда меҳнатга ҳақ тўлаш ва бошқа шаклдаги даромадлар билан биргаликда:
‑ олинган алиментлар;
‑ меҳнат органлари томонидан ишсиз фуқарога тўланган ишсизлик нафақаси;
‑ ёшга доир пенсия ва меҳнат қонунчилигида назарда тутилган айрим турдаги нафақалар;
‑ ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун ҳисобланадиган уч ойлик норматив даромадлар ҳам ҳисобга олинади.
Шундай экан, бу даромадлар меҳнатга ҳақ тўлаш ва бошқа шаклдаги даромадларга қўшиб ҳисобланганда, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача жами даромад миқдори бир ойлик минимал истеъмол харажатларидан (498 000 сўм) ортиб кетиши натижасида болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги ариза рад қилиниши мумкин.
Бироқ, Солиқ кодекси 369-моддаси биринчи қисмининг 3, 7 ва
9-бандларига кўра:
‑ олинган алиментлар;
‑ давлат пенсиялари, қонун ҳужжатларида белгиланган нафақалар, бундан вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси (оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш бўйича нафақа) мустасно;
‑ қонунчиликда белгиланадиган тартибда ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлар жами даромад таркибига киритилмайди, яъни даромад солиғининг солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Бундай ҳолда, Солиқ кодексида назарда тутилган «жами даромад» тушунчасига Низомнинг юқорида қайд этилган бандларида белгиланган қоидаларнинг номувофиқлиги кўринади.
Солиқ кодекси 3-моддаси биринчи қисмининг 2 ва 5-бандларига кўра, солиқ муносабатлари субъектларининг ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқларини бекор қилувчи ёки чекловчи, ушбу Кодекснинг нормаларига ёки қоидаларининг мазмунига бошқача тарзда зид келувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми, ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ эмас деб топилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунининг 18-моддасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбати белгиланган бўлиб, ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши керак.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.
Оилани кам таъминланган деб топишда қонун нормаларининг турлича қўлланилиши, хусусан, даромад солиғи ҳисобланмайдиган манбаларни оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромад ҳажмини аниқлашда инобатга олиниши, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатламини тўғри аниқлаш имконини бермайди.
Шу сабабли, Низомда белгиланган қоидаларни Солиқ кодексининг
369-моддасига мувофиқлаштириш таклиф қилинади.
Иккинчидан, Низомнинг қуйидаги бандларида назарда тутилган айрим қоидаларни фуқароларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, бирмунча соддалаштириш ҳамда такомиллаштириш мақсадга мувофиқдир.
1) Низом 4-бандининг иккинчи ва учинчи хатбошиларига ҳамда
12-бандининг учинчи хатбошисига кўра, болалар нафақаси 12 ой, моддий ёрдам эса 6 ой муддатга тайинланади. Ушбу муддат тугагач фуқаро ижтимоий ёрдамни янги муддатга тайинлаш учун яшаш жойидаги МФЙга яна ариза билан мурожаат қилиши лозим.Бунда ариза олдинги даврда тайинланган ижтимоий ёрдамни тўлаш муддати тугаётган ойдан кейинги ойда берилади.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига (кейинги ўринларда – «Ягона реестр» АТ) 21 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг 40 турдан ортиқ маълумотларини киритиб бориш йўлга қўйилган.
Бу эса, болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлангач, бундай ижтимоий тўловларни бекор қилиш учун асос бўлувчи ҳолатлар юзага келган – келмаганлигини исталган пайтда автоматик тарзда аниқлаш имконини беради.
Шу сабабли, фуқароларга янада қулайликлар яратиш мақсадида, моддий ёрдамни бир йўла 12 ой муддатга, болалар нафақасини эса оиланинг энг кичик ёхуд ягона боласи тегишинча ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар тайинлашни назарда тутиш таклиф этилади.
Бундай қоида жорий этилгач, ижтимоий тўловларни бекор қилишга асос бўлувчи ҳолатлар юзага келган пайтдан бошлаб, тўловларни автоматик тарзда бекор қилиш тартиби сақлаб қолинади.
2) Низом 15-бандининг учинчи хатбошига кўра, ижтимоий тўловни олиш истагида бўлган фуқаро белгиланган шаклдаги аризаниМФЙга тақдим этишида ўзи ва оила аъзоларининг паспорти ёки ID-карталарининг аслини тақдим этиши (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади) талаб қилинади.
Маълумки, Ўзбекистон ҳудудида вақтинча бўлмаган, хусусан, чет элда ишлаётган фуқароларнинг оила аъзолари, уларнинг паспорти ёки
ID-картасининг аслини тақдим этиш имконига эга бўлмайди. Қолаверса, «Ягона реестр» АТорқали фуқарога берилган паспорт ёки ID-карта тўғрисида маълумотларни исталган пайтда олиш имкони мавжуд.
Шу сабабли, Низомнинг ушбу бандида паспорт ёки ID-картанинг асли эмас, балки уларнинг нусхаси тақдим қилинишини белгилаш мақсадга мувофиқдир.
3) Низом 23-бандининг ўн тўртинчи хатбошисига кўра, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ойлик ўртача жами даромадни ҳисоблашда меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромаднинг амалда ҳисобланган суммаси, яъни солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташлангунига қадар бўлган умумий суммаси ҳисобга олинади.
Маълумки, Солиқ кодексининг 381-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахснинг даромадларига
12 фоизлик, дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадларига 5 фоизлик солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади.
Демак, фуқарога иш ҳақи сифатида 1 млн. сўм ҳисобланса, даромад солиғи ушлаб қолинганидан сўнг, у амалда қўлига 880 000 сўм иш ҳақи олади. Агарда оила аъзолари сони икки кишини ташкил этиб, Низом талабига кўра, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташланмасдан, ойлик иш ҳақининг умумий миқдори инобатга олинса, уларнинг ўртача ойлик даромади 500 минг сўмни ташкил этади ва бундай оила кам таъминланган оила сифатида эътироф этилмасдан қолади.
Бундан кўринадики, Низомда назарда тутилган тартибда оила аъзоларининг ойлик ўртача жами даромадини ҳисоблаш оиланинг ҳақиқий иқтисодий аҳволини кўрсатмайди.
Шунга кўра, Низомда оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ойлик ўртача жами даромадни ҳисоблашда меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромаднинг амалда ҳисобланган суммаси эмас, балки ундан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар чегириб ташланганидан сўнг қолган қисми ҳисобга олиниши лозимлигини белгилаш таклиф этилади.
4) Низом 24-бандининг учинчи ва тўртинчи хатбошилари мазмунига кўра, агар оиланинг чет элда ишловчи аъзоси томонидан пул юборилганлиги аниқланмаган ҳолларда, меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдори (920.000 х 2 = 1 840 000) бир ойлик ўртача норматив даромад ҳисобланади ҳамда ушбу сумма уч ойга кўпайтирилган ва оила аъзолари сонига бўлинган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.
Яъни, оиланинг чет элда ишловчи аъзоси томонидан умуман пул юборилмаган ҳолларда ҳам ушбу оилага бир ойда 1 840 000 сўм норматив даромад ҳисобланади.
Оиланинг бир ойлик ўртача даромад миқдорини аниқлашда фактик маълумотларга асосланилганда, ушбу оиланинг ҳақиқий иқтисодий аҳволи ойдинлашади ва шунда фуқароларнинг қўшимча эътирозларига ўрин қолмайди.
Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, биринчи навбатда «Ягона реестр» АТга Божхона қўмитаси томонидан божхона чегараси орқали олиб кирилган пул маблағлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини жорий этишни ҳамда Низомда ушбу ахборот тизими орқали Марказий банк ва Божхона қўмитаси томонидан тақдим этиладиган маълумотларга асосланган ҳолда оиланинг даромадини ҳисоблашни назарда тутиш таклиф этилади.
5) Низомнинг 33-бандида болалар нафақаси ёки моддий ёрдам туман (шаҳар) маҳаллий бюджетида ушбу мақсадлар учун йўналтирилган маблағлар доирасида тайинланишининг назарда тутилиши, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини тўлиқ қамраб олиш имконини чеклайди.
Чунки, маҳаллий бюджетдаги мавжуд ресурслар ҳажмидан келиб чиқиб, ушбу ижтимоий тўловлар биринчи навбатда, даромади бошқаларга нисбатан камроқ бўлган оилаларга тўланади ва қолган оилаларнинг масаласи эса автоматик равишда кейинги ойда кўриб чиқиш учун (кутиш рўйхатига) ўтказилади.
Агар бундай тоифадаги оилага уч ой давомида ижтимоий тўловни тайинлаш имконияти бўлмаган тақдирда, улардан ушбу масалада қайтадан ариза бериши талаб қилинади.
Айрим туман (шаҳар)ларнинг иқтисодий ривожланиши, хусусан, маҳаллий бюджет кўрсаткичларининг бажарилиши бошқа ривожланган ҳудудларга нисбатан бирмунча орқада эканлигини инобатга олиб, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳимоясини бир вақтнинг ўзида тўлиқ қамраб олишни таъминлаш мақсадида, агар маҳаллий бюджетда ушбу масалада тақчиллик юзага келган ҳолларда, республика бюджетидан маблағлар жалб қилиниши мумкинлигини Низомнинг
33-бандида назарда тутиш кераклиги таклиф этилади.
6) Низомда энг муҳим масала – оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш «Ягона реестр» АТ орқали рад этилган тақдирда, фуқаро ушбу масаланинг қонуний ва асосли ҳал қилинганлигини текширишни талаб қилиш ҳуқуқига эгалиги, қолаверса, ушбу масала қандай тартибда ҳал қилиниши ўз ифодасини топмаган.
Айни пайтда, Низом 39-банд «б» кичик бандининг учинчи хатбошисида ариза берувчи билан Пенсия жамғармаси бўлими ўртасидаги тўловлар тўхтатилиши ёки миқдори ўзгариши юзасидан низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан, суд орқали ҳал этилиши, 40-банднинг олтинчи хатбошисида эса, ортиқча тўловларнинг қопланмаган қисми фуқародан суд тартибида ундирилиши белгиланган.
Фуқаролар болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилганлиги юзасидан турли идораларга мурожаат қилиб, овора бўлишларининг олдини олиш ва бу борадаги ҳуқуқий бўшлиқни бартараф қилиш мақсадида Низомда ушбу масалада низо юзага келган тақдирда фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ёки судга мурожаат қилишлари лозимлигини назарда тутиш мақсадга мувофиқдир.
Юқорида баён қилинган ҳолатларга асосланиб, «Мадад» ННТ томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар сонини тўғри аниқлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш тартибини соддалаштириш мақсадида «Кам таъминланган оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Фикримизча, мазкур қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг ўзаро мувофиқлигини таъминлашга, мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилишга, кам таъминланган оилалар сонини тўғри аниқлашга ва уларнинг иқтисодий аҳволини объектив баҳолашга, ушбу масалада фуқароларга қўшимча қулайликлар яратишга ва уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.
Раҳимқул Тошбоев,
«Мадад» – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти бош маслаҳатчиси