Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар “Мурувват” интернат уйида байрам нишонланди
18:09 / 2025-05-31

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Сурхондарё вилоят божхона бошқармаси 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Қумқўрғон туманидаги ногиронлиги бўлган болалар “Мурувват” интернат уйида байрам тадбири ташкил этди.  

Айни пайтда замонавий реабилитация воситалари билан жиҳозланган масканда ўзгалар ёрдамига муҳтож васийликка олинган 145 болани ҳаётга мослаштириш учун 200 дан ортиқ ходим тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатмоқда. 16 нафар ногиронлиги бор ўғил-қиз кундузги парвариш ва тарбия хизматидан фойдаланаётир. Улар эрталаб интернат уйига келиб, кунлик реабилитацион хизматлардан фойдалангач, кечга оиласи бағрига қайтади.  

“Мурувват” уйи бириктирилган вилоят божхона бошқармаси мутасаддилари ҳам бу масканга тез-тез келиб, уларнинг ҳолидан хабар олиб туради. Турли кўнгилочар тадбирлар уюштириб, тарбияланувчиларга қувонч улашади.  

Вилоят божхона ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармалари ходимлари иштирок этган тадбир болажонларнинг параспорт беллашувлари билан бошланди.

Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Юлдашев уларга давлатимиз кўрсатаётган ғамхўрликлар ҳақида сўз юритиб, болажонларни 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан самимий табриклади.  

Қизиқарли лаҳзаларга бой бўлган тадбирда “Мурувват” уйи тарбияланувчилари ва тарбиячилари тайёрлаган саҳна кўринишлари, куй ва қўшиқлар болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналарига илиқ кайфият улашди. Тарбияланувчиларнинг қалбида ҳаётга меҳр, яшашга иштиёқ ва келажакка ишонч туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Тадбир якунида тарбияланувчиларга вилоят божхона бошқармасининг байрам совғалари топширилди. Параспорт мусобақаларида фаол иштирок этган болажонлар кубок ва медаль билан тақдирланди.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири