ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ўзаро ҳамкорлигида ижтимоий соҳаларда болаларга қаратилган давлат харажатларини такомилаштириш мавзусига бағишланган ўқув дастури ўз якунига етди.
Сертификат топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммадзаде иштирок этди. Улар тренинг иштирокчиларни қутлади. Таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга ажратилган давлат бюджети маблағларини ўз вақтида, самарали йўналтирилганлиги ва шаффофлигини таъминлашда ушбу бўлиб ўтган ўқув машғулотлари муҳим касб этишлигини таъкидладилар.
9 кун давом этган ўқув дастури давомида Молия вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги каби ижтимоий соҳа вазирликлари ходимлари иштирок этишди.
Тренинг давомида ишторокчилар назарий билим ва кўникмаларни бир қатор масалалар бўйича амалий машғулотларда иштирок этиш орқали бевосита амалиётда қўллаш имкониятига эга бўлдилар. Аввало, ижтимоий ҳимоя қилиш соҳаси (давлат бюджетидан оналик ва ҳомиладорлик нафақаларини молиялаштирилиш механизмини жорий этиш), шунингдек, таълим соҳаси (чекка ҳудудлардаги болалар учун бошланғич мактабларида таълим олиш имкониятини яратиш) ва соғлиқни сақлаш соҳасида (14 ёшгача бўлган болалар учун 12 турдаги вакциналар билан эмлаш қамровини ошириш) қўшимча билимга эга бўлди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тренинг Ўзбекистон ҳукумати томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича 2020-2024 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат молиясини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилиш жараёни замирида бўлиб ўтди.
Ўқув дастури бюджетлаштириш ва давлат молиясини бошқариш тизимлари тамойилларини ҳар томонлама қамраб олди. Дастур иккита модулдан иборат бўлиб, у мақсадларни белгилаш ва уларни бюджет билан боғлаш, дастурларни бюджетлаштириш, болалар учун бюджетлаштиришнинг таҳлилий усуллари, тармоқни ривожлантириш стратегияларининг турли хил вариантлари харажатлари ва фойдаларини баҳолаш, таҳлиллаш ва таққослаш, самарадорликни ўлчаш каби мавзуларни ўз ичига олди. Тренингда маърузалар, баҳс-мунозаралар, якка ва гуруҳга бўлинган тартибда вазифаларни амалга ошириш кабилар мужассамлаштирилиб, амалий ишлар ва амалий машғулотлар учун кенг имконият яратилди.
Тренингни муваффақиятли тугатган дастур иштирокчилари дастурий бюджетлаштириш – соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида давлат харажатларини режалаштириш, ижро этиш ва назорат қилиш, болалар учун қулай муҳит яратишда зарур бўлган натижаларни яхшилашга қаратилган билимларини чуқурлаштириш имкониятига эга бўлдилар.
Тренинг якунида дастур давомида қамраб олинган мавзулардан келиб чиқиб, иштирокчилар кейинги босқичда амалга ошириладиган аниқ йўналишларини муҳокама қилиб, устида ишлашни таклиф қилишди. Бунда, ЮНИСЕВ тренинг иштирокчиларга турли таҳлилий воситалардан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, иқтисодий таҳлилни қўллаган ҳолда ушбу харажатларнинг етарлилиги, самарадорлиги ва адолатлилигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқариш учун болаларга йўналтирилган ижтимоий соҳаларга давлат харажатларининг бюджет таҳлилини ўтказиш бўйича мураббийлик(менторлик) ишларини олиб боради.
ЮНИСЕФ ва Молия вазирлиги йиллик бюджет сўровларини шакллантиришда, иқтисодий таҳлил ўтказиш учун тармоқ вазирликлари томонидан қўлланиладиган инструментлар/шаблонлар/механизмларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни давом эттирадилар.
И.Аввалбоев, ЎзА