Сурхондарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан Термиз шаҳрида жойлашган вилоят болалар кутубхонасига пресс-тур ташкил этилди. Унда соҳа масъуллари, жамоатчилик вакиллари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Иштирокчилар болалар кутубхонаси фаолияти, бу ерда яратилган шароит ва қулайликлар, китоб фонди билан танишди, китобхон ўқувчилар билан суҳбатлашди.
Бугунги кунда ушбу кутубхонанинг умумий китоб фонди 104 минг 500 дан зиёдни ташкил этади. Вилоят бўйича умумтаълим мактаб кутубхоналарининг умумий китоб фонди 1 миллион 190 минг 440 дан зиёд.
Пресс-тур давомида иштирокчилар вилоятда китобхонликни оммалаштириш бўйича ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир доирасида, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Х. Мамадиев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда бошқарма бошлиғи журналист ва блогерларга китобхонликни кенг тарғиб этиш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
[gallery-14774]
Иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларига бошқарма бошлиғи батафсил жавоб қайтарди.
Шунингдек, анжуман давомида тизимда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича бошқарманинг Коррупцияга қарши курашиш комплеанс назоратини амалга ошириш бўйича бош мутахассиси Ш. Каримов маълумот бериб ўтди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат), ЎзА