Бухоро вилоятидаги “Мурувват” ногиронлик болалар интернат уйида Даун синдромига чалинган болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш ташкил этилди. Тадбирда 180 нафарга яқин ушбу хасталикка чалинган ва 300 нафардан ортиқ бошқа ногиронлиги бўлган болалар малакали мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилди.
Лойиҳа америкалик тадбиркор, хайриячи Никки Лейла Ҳафези хоним ўртасидаги расмий учрашув доирасида келишилган ташаббус асосида амалга оширилди.

Вилоят ҳокимлиги масъуллари билан бўлган учрашувда вилоятда яшовчи Даун синдроми ва бошқа турдаги ногиронликка эга болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, аниқланган ҳолларда жарроҳлик амалиётлари ҳамда зарурий даволаш жараёнларини ташкил этишда ҳомийлик кўрсатиш масалалари ҳам муҳокама қилинган эди.

Тиббий кўрик доирасида болалар офталмолог, ЛОР, стоматолог ва невропатолог каби мутахассислар томонидан текширувдан ўтказилди. Шу билан бирга, болаларнинг ота-оналари ва васийларига ҳам керакли маслаҳат ва маълумотлар берилди.

Мазкур ташаббус ногиронлиги бўлган болаларга эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодаси бўлиб, уларнинг соғлиғи, ривожланиши ва ижтимоий интеграцияси учун муҳим имконият касб этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.