Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида БМТ болалар жамғармаси билан ҳамкорликда «Болалар камбағаллигини бартараф этиш — болалар фаровонлигининг асосий шарти: Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирнинг мақсади болалар камбағаллиги бўйича комплекс тадқиқот натижаларини тасдиқлаш ва муҳокама қилиш, шунингдек болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигини таъминлаш соҳасида халқаро тажриба алмашишдан иборат бўлди.
Мазкур тадбирда вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва илмий доиралардан ташриф буюрган 30 га яқин экспертлар иштирок этди.

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раиси Рехина Мария Кастижио Ўзбекистонда болалар камбағаллигига қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этди. Мамлакатнинг барқарор ривожланиш мақсадларига содиқлиги ҳамда болаларни таълим, соғлиқни сақлаш, тўғри овқатланиш ва муносиб турмуш шароитлари билан таъминлашнинг устувор аҳамиятини таъкидлади.
Қайд этилишича, болалик давридаги камбағалликнинг узоқ муддатли оқибатлари саломатлик, таълим олиш жараёни ва келгуси имкониятларга салбий таъсир кўрсатади, шу боис болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс ва тизимли чора-тадбирлар кўриш зарур.

Марказ директори ўринбосари Хуршед Асадов Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш бутун мамлакат миқёсида умуммиллий ҳаракатга айланганини ва барча даражадаги раҳбарлар учун кундалик вазифа сифатида белгиланганини таъкидлади.
Ушбу жараёнда болалар камбағаллигини камайтириш инсон капитали ривожланишининг миллий стратегиясидаги устувор йўналишлардан бири экани қайд этилди. Экспертнинг таъкидлашича, сўнгги уч йилда Ўзбекистонда болалар камбағаллик даражаси 21 фоиздан 2024 йил якунига кўра 11 фоизгача қисқарган.

Давра суҳбати доирасида Марказ ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида 2024 йил уй хўжаликлари бюджети тўғрисидаги сўровнома маълумотлари асосида амалга оширилган тадқиқот натижалари тақдим этилди.
Таҳлил Жаҳон банкининг монетар ёндашуви ва ЮНИСЕФнинг кўп ўлчовли методологияси асосида амалга оширилиб, болаларнинг реал турмуш шароити, таълим, соғлиқни сақлаш, овқатланиш, инфратузилма ва асосий хизматларга етарли даражада қамраб олинганини баҳолашга хизмат қилади.
Бундай ёндашув болаларнинг ҳаёт шароитини тўлиқ англашни таъминлайди ва манзилли қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган заиф гуруҳларни аниқлашга ёрдам беради.
Давра суҳбати доирасида болалар камбағаллигининг миллий ва ҳудудий баҳолари, шу жумладан ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий маслаҳатчиси Памела Дейлнинг маърузаси ҳам тақдим этилди.
Тақдим этилган ҳисобот асосида ижтимоий ҳимоя воситаларини такомиллаштириш, эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш, ижтимоий нафақалардан тенг фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва жамиятда камбағаллик даражасини пасайтириш бўйича кейинги чора-тадбирлар белгилаб олиниши режалаштирилмоқда.
Тасдиқланган хулоса ва тавсиялар Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ва камбағалликни барча кўринишларда бартараф этиш бўйича халқаро мажбуриятларига мувофиқ тарзда келгуси устувор вазифалар ва амалий чора-тадбирларни шакллантиришда инобатга олинади.
Тадбир якунида томонлар болаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини кузатиб бориш, таҳлилий базани мустаҳкамлаш ва ҳар бир бола фаровонлигини таъминлашга қаратилган қўшма тавсияларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА