Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жорий йил 11 ойида жами 450 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб, уларнинг 112 таси ўлим билан тугаган, 338 таси тан жароҳати билан боғлиқ.
Йўл-транспорт ҳодисалари турлари бўйича таҳлил қилинганда, аксарияти тўқнашув, пиёда ва велосипедчини уриб юборишга тўғри келади.
Пиёдалар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари жами ҳодисаларнинг 34,9 фоизини ташкил этганлигини инобатга олган ҳолда, автотранспорт сиғими кўп бўлган ва аҳоли гавжум жойларда рейдлар ташкиллаштирилиб, 11 ой давомида пиёдалар томонидан жами 9220 та қоидабузарлик аниқланган.
Жорий йилда 12 та пиёдалар ўтиш жойи қайта тикланиб, 3 та пиёдалар ўтиш жойига ва 4 та чорраҳага светофор ва 29 та жойда сунъий нотекислик ўрнатилди. Бундан ташқари 3093 дона йўл белгиси ўрнатилган бўлса, эскирган 6722 дона йўл белгиси янгисига алмаштирилди ва йўлнинг қатнов қисмларига 1803,7 километр йўл ётиқ чизиқлари чизилди.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишининг асосий сабабларининг бири ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликка риоя этмаслик қоидабузарлиги ҳисобланиб, жами ҳодисаларнинг 40,7 фоизини ташкил этган. Республика бўйича бу турдаги ҳодисалар сони 1,67 фоизга, яъни 180 тадан 183 тага ошган. Шунинг натижасида 43 нафар фуқаро нобуд бўлган, 146 нафари жароҳат олган.
Халқаро ва давлат аҳамиятидаги йўлларда махсус автоматлаштирилган 10 та мобиль, 8 та стационар фоторадар қурилмаси ўрнатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилнинг 4 апрель кунги “Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Тошкент шаҳридаги “ABL-Soft SS” масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган "AutoCon-SC/MV Тr.uz" стационар фоторадар қурилмаларидан 15 донаси харид қилиниб, белгиланган дислокация бўйича ўрнатилиб, ишга туширилди.
Автотранспорт воситаларининг оқими катта бўлган чорраҳаларга интеллектуал видеокузатув камераларини ўрнатиш борасида хусусий тадбиркорлар томонидан Нукус шаҳрида 8 та ва Беруний туманида 1 та видео кузатув камераларини ўрнатиш учун устунлар ўрнатилиб, ҳозирда кабелларни жиҳозлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, жорий йилда режалаштирилган 31 та фоторадардан 10 таси ўрнатилди. Шу билан бир қаторда, “Atlas International” фирмасидан МУВИНГ радар қурилмалари ўрнатилган жами 5 та “Кобальт” русумли автомашинадан тўлиқ фойдаланилмоқда.
– Болалар иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисалари республика бўйича 75 тадан 63 тага, тан жароҳат олганлар 68 тадан 58 тага, нобуд бўлганлар 12 тадан 7 тага камайган бир вақтда, Амударё, Кегайли, Қонликўл, Элликқалъада ҳамда Мўйноқ туманларида ошган, дейди Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори Қалбай Муратов. – Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, уларга йўл ҳаракати қоидаларини тушунтириш, хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини ҳосил қилиш мақсадида жорий йилнинг 1-10 октябр кунларида “Диққат, болалар!” тадбирлари ўтказилди. Содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, болаларга ҳаракатланиш талабларини ўргатиш йўналишида маҳаллаларда, корхона, ташкилотларда профилактик тадбирлар ўтказилди.
Барча олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотларига Йўл патрул хизмати ходимлари бириктирилиб, улар томонидан ўқув йили давомида “Йўл ҳаракати қоидалари” машғулотларининг ўтказилиши назорати белгилаб берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА