Бунда парламент, мутасадди давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари фаол иштирок этиши муҳим.
Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова ўз иш фаолиятига киришди. Шу муносабат билан у соҳага оид ўз фикрлари билан бўлишди.
– Бугунги кунда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид давлат сиёсати соҳада кўплаб долзарб масалаларни ҳал этишни тақозо этмоқда, – деди С.Раҳмонова. – Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) этиб сайланиш ортидан шундай улкан масъулият зиммамга юкланди. Айтиб ўтиш керакки, ўтган қисқа давр ичида давлатимизда бола ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслигидан тортиб турли зўравонликларга чек қўйиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, бугун болаларнинг шахсий ва ижтимоий ҳуқуқлари – узлуксиз ва сифатли таълимга бўлган ҳуқуқи; ҳаёти ва соғлиғи учун; жисмоний ва маънавий саломатлиги учун хавфсиз шарт-шароитга бўлган ҳуқуқи ва бошқа ажралмас кафолатларини таъминлаш механизми янада изчил ва таъсирчан ташкил этилиши зарур.
Бу борада Болалар омбудсманининг бирламчи вазифаси – бола манфаатларига оид қонунчилик ижроси устидан самарали парламент назоратини олиб боришдир. Мазкур жараёнда Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган бола ҳуқуқлари таъминланиши даражаси қандай? Болалар манфаатларига риоя этишда бугунги кунда алоҳида эътибор қаратишни талаб этадиган тизимли муаммолар ва уларнинг ечимлари нимадан иборат?
Айнан ана шу масалалар фаолиятимизнинг асосий функционал йўналишини белгилайди. Албатта, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида парламент, мутасадди давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, фаол жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари – барчамиз бор саъй-ҳаракатларни бирлаштиришимиз зарур.
Шу нуқтаи назардан Болалар омбудсмани фарзандларимиз манфаатларига эътиборсиз бўлмаган жамиятимизнинг ҳар қандай фаол аъзолари билан ҳамкорликка ва мулоқотга очиқдир. Шубҳасиз, болалар манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси – улкан масъулият, лекин шу билан бирга, шарафли миссия ҳамдир. Мазкур вазифага муносиб бўлиш учун жамоамиз билан барча куч ва имкониятни ишга соламиз, – деди С.Раҳмонова.
Н.Абдураимова,
ЎзА