Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими томонидан алимент тўловчи қарздорлар билан доимий профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда.
Уларга алимент пулини ўз вақтида тўламасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилаётир. Хулоса қилмаган қарздорларга нисбатан қонуний чора кўрилмоқда.
Жумладан, январь ойининг ўтган 17 куни мобайнида бўлим томонидан 28 нафар қарздорга нисбатан МжтКнинг 47/4 моддасига асосан Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди томонидан маъмурий ишлар кўриб чиқилди. Ушбу фуқаролар умумий ҳисобда ўз фарзандлари учун 501 миллион 187 минг 992 сўм миқдоридаги алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаган. Ушбу фуқаролардан 15 нафари суд залида 193 миллион 715 минг 241 сўм қарздорлигини тўлаб берди. Шу боис уларга нисбатан очилган маъмурий иш юритуви тўхтатилди.
– Қолган 12 нафар қарздорларга нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди, – дейди МИБ Қарши шаҳар бўлими бошлиғи Алишер Тоиров. – Жумладан, “Чақар” МФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро Б.Г. Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 23.02.2017 йилдаги суд буйруғига асосан 3 нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлаши шарт бўлсада, шу кунга қадар бирор маротаба алимент пулларини тўламасдан келган. Натижада, қарздорлик 86 миллион сўмга етган. Шу куни унга нисбатан ҳам тегишли жазо қўлланилди. Келгусида қарздор хулоса қилмаганда, унга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА