Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга ҳамма масъул
12:07 / 2022-09-29

Жиззахда вилоят ҳокимининг болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти ташаббуси билан “Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга масъулмиз!” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Сўнг давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

– Айни пайтда, Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган 541 минг 364 нафар вояга етмаган боланинг 2 минг 230 нафари етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар бўлиб, улардан 887 нафари (14 ёшгача бўлган) васийликка, 385 нафари (14 ёшдан катта бўлган) ҳомийликка, 57 нафари (махсус курсни битирган) оилаларга тарбияга (патронат) ва 848 нафари (давлат томонидан таъминоти белгиланмаган болалар) фарзандликка берилган, – дейди Жиззах вилоят ҳокимлиги болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири Наргиза Мавлонова. – Бу йил 1 июлдан бошлаб, вилоят ҳокимининг қарори билан Жиззах шаҳридаги 29-сонли “Меҳрибонлик уйи” расман тугатилди.

Фарзандликка олиш жараёнида инсон омилини камайтириш ва рақамлаштириш мақсадида “mu.maktab.uz” платформаси орқали “онлайн навбат” тизими жорий этилган бўлиб, жорий йилнинг 15 сентябрь ҳолатига 2 марта ҳудудий комиссиянинг танқидий-таҳлилий йиғилишлари ўтказилди. Комиссия иш режасига мувофиқ, 3 маротаба васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болаларнинг яшаш тарзи ва муаммолари юзасидан мақсадли ўрганишлар амалга оширилган.

Вилоятда жами 7 минг 291 нафар ногиронлиги бўлган болаларнинг 953 нафари 4 та имконияти чекланган болаларга мўлжалланган муассасаларда таълим-тарбия олмоқда. Улардан 286 нафари кўзи ожиз, 399 нафари эшитишида, 268 нафари руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болажонлардир.

Вазирлар маҳкамасининг 2022 йил 17 январдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан ишлаб чиқилган “mehrdaftari.uz” онлайн платформаси ташкил этилди.

Бугунги кунда “Меҳр дафтари” тизими бўйича туман (шаҳар) Болаларни ҳимоя қилиш шўъбалари томонидан вилоятдаги 210 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг рўйхати шакллантирилган.

Вилоятда ташкил этилган Васийлик кенгаши томонидан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммо (эҳтиёж, қизиқиш)ларини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун “Меҳр дафтари” жамғармаси маблағлари ҳисобидан ёрдам кўрсатилиши тўғрисида қарор қабул қилиниб, унга кўра етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим учун 17 миллион сўмдан ортиқ маблағ, яъни тўлов-контракт асосида тузилган шартномада белгиланган маблағлар, билим даражасини ошириш учун ўқув марказларига, ижара маблағлари, соғлигини тиклаш учун маблағлар ҳисоб-рақамларига ўтказиб берилди.

[gallery-8963]

Шу йилда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлашнинг “онлайн-навбат” тизими жорий этилиб, унга кўра “mu.maktab.uz” платформасига бугунги кунга қадар жами 1 минг 208 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар киритилиб, шундан 100 нафари уй-жойга муҳтожлиги аниқланди ва онлайн-навбатга қўйилган.

2021 йилда уй-жойга муҳтож бўлган 17 нафар етим болага уй-жойлар ажратилган. Уларга ҳудудий “Халқпарвар” комиссияси хулосаси билан белгиланган мезонлар асосида кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан уй-жойларнинг 14 таси Жиззах шаҳридан, 3 таси Шароф Рашидов тумани ҳудудидан олиб берилган.

Вилоятдаги 47 нафар етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар олий таълимда ўқиш истагини билдириб, Давлат тест марказининг махсус дастури (imtiyoz.dtm.uz)га киритилди. Белгиланган имтиёз бали асосида 17 нафари давлат гранти, 5 нафари тўлов-контракт асосида олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган.

Матбуот анжуманида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА