Ўзбекистонда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш масаласи илк бор алоҳида ва комплекс стратегия даражасига кўтарилди. 2025 йил 24 декабрда Президент томонидан имзоланган “2026–2030 йилларга мўлжалланган болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси” шу йўналишдаги давлат сиёсатининг янги босқичини белгилаб берди.
Мазкур ҳужжат болани фақат ҳуқуқий жиҳатдан эмас, балки руҳий, ижтимоий ва маънавий жиҳатдан ҳам ҳимоя қилишни назарда тутади. Эътиборли жиҳати, стратегия биринчи навбатда оқибатлар билан эмас, балки хавфнинг олдини олиш, болани эрта аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш механизмларига таянади
Стратегия доирасида 2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонликдан жабрланган ёки хавф остида бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади. Бу болани вақтинчалик муассасага жойлаштиришдан кўра, уни хавфсиз ва меҳрли оила муҳитида реабилитация қилишга қаратилган мутлақо янги ёндашувдир.
Болалар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали шартнома асосида жойлаштирилиб, уларни боқиш ва тарбиялаш билан боғлиқ барча харажатлар давлат жамғармаси ҳисобидан қопланади. Дастлаб ушбу амалиёт Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида синов тариқасида жорий этилади.
Стратегиянинг яна бир муҳим жиҳати – болаларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимининг кучайтирилишидир. Хусусан, 2026 йил 1 сентябрдан зўравонликдан жабрланган болалар ва бундай ҳолатларга гувоҳ бўлганлар давлат ҳисобидан ҳуқуқий ёрдам билан таъминланади. Суд жараёнларида боланинг қонуний вакили иштирок этади, унинг дастлабки кўрсатувлари эса қайта-қайта сўроқ қилинмаслиги учун видеоёзув орқали қайд этилади. Шу билан бирга, болага нисбатан зўравонлик ҳақида хабар бермаслик ҳолатлари маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Оила билан ишлаш масаласи ҳам стратегиянинг марказида турибди. 2026 йил 1 мартдан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ота-оналар учун “Меҳрли оила” хизмати йўлга қўйилади. Бу хизмат оилавий терапия, психологик маслаҳат ва профилактик ёрдамни бепул тақдим этиб, муаммони боладан узиб қўймасдан, унинг илдизига етишни мақсад қилади.
Ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун таълим муассасаларида қўшимча қабул квоталарининг жорий этилиши эса уларнинг таълимдан четда қолмаслигини кафолатлайди.
Шунингдек, 2026 йил 1 апрелга қадар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими ишга туширилади. Ушбу платформа орқали болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари ягона электрон базага жамланиб, барча идоралар ўртасида тезкор ахборот алмашинуви таъминланади. Бу ҳар бир ҳолат тақдири назоратсиз қолмаслигига хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур стратегия болаларни ҳимоя қилишни алоҳида чора эмас, балки яхлит давлат тизими сифатида шакллантиради. Бу ҳужжат орқали Ўзбекистон боланинг хавфсизлиги, қадри ва келажагини давлат сиёсати даражасида устувор вазифа сифатида белгилаб бермоқда.
Анвар Ҳомидов,
Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари
бўйича судлов ҳайъати судьяси, ЎзА