Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар ҳайитда қаерга боради?
13:49 / 2021-05-12

Болалигимизда ҳайит байрамини интизорлик билан кутардик. Эрта тонгдан уйғониб, дадамнинг ҳайит намозидан қайтишини кутиб ўтирардик. Турли рангдаги ҳолвалару нўхатшўрак билан қайтган дадам, ҳаммамизга ҳайитлик тарқатарди.

Сўнг энг биринчи борадиган жойимиз, амакимнинг ҳовлиси бўларди. Амакиси кўп болаларга бошқаларнинг ҳаваси келарди. Қанча амакинг кўп бўлса, шунча ҳайитлик йиғасан, дегани-да. Амакимдан тийишимизни олгач, йиғилган пулларни чангаллаганча қишлоқ четида яшовчи Қодир отанинг уйига югурардик.

Қодир ота қишлоғимиздаги ягона олмақанд тайёрлайдиган қандолатчи эди. Ҳаммадан биринчи боришга қанча ҳаракат қилмайлик, қўшни Оққўрғон, Манғит, Дамариқ қишлоғида яшовчи болалар биздан олдин келиб, навбатда туришган бўларди. Қодир ота шошмасдан, хотиржам, белига фартугини тақиб олиб, ўғли тайёрлаб берган қиёмга олмаларни ботириб, қолипига солиб қўярди. Олмақандлар бизнинг кўз олдимизда тайёрланарди. У пайтдаги олмақандларнинг олмалари қандидан ҳам ширин эди. Қодир ота оламдан ўтгач, бир муддат унинг касбини ўғли юритди. Аммо узоққа чўзилмади. Чунки энди олмақанду ҳолва еб катта бўладиган болалар ўрнини қарсилдоқ чипслару “кириешки”лар ейдиган болалар эгаллади.

Бувим каттакон қозонда бодроқ тайёрлаб берарди. “Олма ғар-ғар, олия ғар-ғар”, деган қўшиқни айтса, маккалар оппоқ бўлиб очилиб, атрофга сакраб, қозондан чиқиб кетарди. Бодроқни йиғиб, устига ширин сироп қуйса, бир-бирига ёпишиб, худди коптокдек дум-думалоқ бўлиб қоларди. Оҳ, у бодроқларнинг мазаси ҳалиям оғзимда. Энди эса бувим ҳам йўқ, меҳр билан пиширилган бодроқлар ҳам...

Тушдан кейин аям билан етаклашиб, тоғамизникига йўл олардик. Автобус катталардан кўра болалар билан тўлиб кетарди. Кимдир бувиси, холаси, узоқроқда яшовчи қариндошиникига йўқлаб борарди. Хайитнинг иккинчи куни аммам келарди. У ҳам ёшимизга қараб, ҳайитлик берарди, “Поччанг бериб юборди, ҳайитликни”, дея қўшиб қўярди. Бу сўзларни эшитгач, йилда бир-икки марта кўрадиган, жаҳлдор поччамизни ҳам яхши кўриб қолардик.

Йиғилган пулларимизга кераксиз нарсалар сотиб олмасдик. Бир қисмига мактаб ўқув қуролларини олсак, ярмини кейинги харажатларимиз учун асраб қўярдик. Укамиз биздан кўра камроқ пул йиққан бўлса унга ўзимизникидан бериб турардик. Ҳаммамизнинг қалбимиз, қадримиз, бўйимиз каби тенг эди. Бизга катталар меҳр-оқибат ҳақида гапиришмаган, бизга меҳрнинг рангини чизиб кўрсатишмаган. Бизга меҳрни ўзлари ҳадя этган. Биз оила қандай қудратли макон эканини шундай ҳис этиб улғайганмиз.

Хўш, ҳозирчи, ҳозирги болалар ҳайит кунлари қаерга боришади? Улар бу байрамни инсонларни ҳамжиҳатликка, меҳр-оқибатга чорловчи байрам эканини билишадими? Ота-оналаримиз каби ибрат кўрсата оляпмизми? Улар ҳам дийдорга айланадиган бу байрамни худди биздек орзиқиб кутишяптими? Бу байрамнинг асл моҳиятини тушунтира оляпмизми?

Менимча, бу борада биз ибрат кўрсата олмаяпмиз. Ўзимиз билан ўзимиз бандмиз. Болаларимизга, “амакингни бир йўқлаб қўй, холангни кўриб келгин, бувингдан хабар олдинг-ми?”, дейиш ўрнига компьютер хонасида ўтиришига, телефон ўйинларига сарфлаши учун пул берамиз. Оналар ўз юмуши, болалар ўз қизиқишлари билан овора. Ҳеч кимни дийдор учун вақти йўқ. Шу сабаб борган сайин бир дастурхон атрофида жамулжам бўлиб ўтириш, чиройли суҳбатлар қуриш каби қадриятларимиз ўрнини “онлайн дийдор”лар эгаллаяпти.

Атрофимизда қалби саховатга, яхшиликка тўла инсонлар жуда кўп. Бундай одамлар топган уч-тўрт сўм маблағининг ярмини яқинлари билан баҳам кўради. Ана шундай саховатпешаларнинг яхши ишларини фарзандларимизга кўпроқ ибрат қилиб кўрсатайлик. Зеро, улар яхшилик қилмаган одамга яхшилик ҳам насиб этмаслигини тушуниб яшашсин. Ота-боболаримиз минг йиллардан буён қадрлаб келаётган ўзбекка хос бағрикенглик, сахийлик каби хислатлар умрбоқий яшасин.

Мулоҳазаларим якунида бугун менга туғилиб ўсган қишлоғим, Бувайдадаги ота-онам, ҳамқишлоқларим, яқинларим, дўстларимни кўришим учун имкон берган бир қарор ҳақида айтиб ўтмасам бўлмайди. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили Рамазон ҳамда Қурбон ҳайитлари муносабати билан махсус қарор чиқарилиб, дам олиш кунлари эълон қилинади. Бугун ҳам кўпчилик юртдошларимиз “Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарордан мамнун ҳолда туғилиб ўсган қишлоғи томон йўл олишган. У ерда ҳамқишлоқлари билан дийдорлашади, яқинларини йўқлашади. Мен ҳам ана ўша йўлга отланганларнинг бириман.

Ушбу қарорнинг таг замирида маънавий қадриятларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий меросида улуғланган, халқимиз томонидан асрлар давомида эъзозлаб келинаётган инсонпарварлик, шукроналик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ва саховат туйғуларини кучайтиришдек эзгу ният бор.

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА