ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон болалар ташкилотининг “Болалар ҳаракати” сардорлар сайловининг Сурхондарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
[gallery-27312]
Сардорликка даъвогар бўлган болалар аввал маҳаллаларда, кейин эса туман ва шаҳар босқичларида ўз билим ва қобилиятини намоён этиб, вилоят босқичига етиб келди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, вилоятдаги 724 та маҳаллада 6 минг 516 нафар, туман ва шаҳарларда эса 135 нафар сардор сайланган бўлиб, бугун улар маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчиларига кўмакчи сифатида болалар билан ишламоқда.
Сайловнинг вилоят босқичида 15 та туман ва шаҳардан сараланган 135 нафар фаол ўқувчи тўққизта йўналиш бўйича ўз тақдимотлари билан иштирок этди.
Якунда энг муносиб, деб топилган 9 нафар номзодга болалар ташаббусларини илгари суриш, жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиш бўйича ишонч билдирилиб, улар “Болалар ҳаракати”нинг вилоят сардорлари этиб сайланди.
— Аввало, менга ишонч билдирган барча тенгдошларимга чин дилдан раҳмат айтаман, - деди “Болалар ҳаракати”нинг вилоят сардорлигига сайланган Нозима Хуррамова. — Бу ишончни оқлаш учун бор кучим, билимим ва имкониятимни ишга соламан. Чунки сардор бўлиш шунчаки лавозим эмас, балки минглаб болаларнинг фикри, орзуси ва келажаги учун масъулликдир.
Тадбир якунида “Болалар ҳаракати”нинг Сурхондарё вилояти сардорларига Ўзбекистон болалар ташкилоти Бошқарув кенгаши раиси номидан “Ишонч ёрлиғи” ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА