Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон болалар ташкилоти “Болалар ҳаракати” сардорлари сайловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди. Мазкур тадбир болаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, етакчилик қобилиятларини ривожлантириш ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини кучайтиришга қаратилган муҳим ташаббуслардан бири ҳисобланади.
“Болалар ҳаракати”нинг асосий мақсади болаларни Ватанга муҳаббат, садоқат ва масъулият руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ҳамда маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат. Шунингдек, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ташаббускорлик ва етакчилик кўникмаларини шакллантириш ташкилот фаолиятининг устувор йўналишларидан саналади. Ташкилот “Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун!” шиори остида фаолият юритмоқда.
Сардорлар сайлови республика бўйлаб очиқлик ва адолат тамойиллари асосида тўрт босқичда ўтказилмоқда. Қашқадарё вилоятида маҳалла босқичида 776 та маҳаллада жами 6 минг 984 нафар сардор сайлаб олинган бўлса, туман ва шаҳар босқичларида энг фаол ва ташаббускор номзодлар саралаб олинди.
[gallery-27368]
Қашқадарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан ташкил этилган вилоят босқичида туман ва шаҳарларда ғолиб бўлган 144 нафар энг фаол сардор вилоят сардорлиги учун беллашди. Иштирокчилар ўз билимлари, ижтимоий ташаббуслари ва лидерлик салоҳиятини намоён этиб, тенгдошлари орасида етакчи бўлишга муносиб эканликларини исботлади.
Сайлов жараёнлари “Болалар ҳаракати” доирасида белгиланган тўққизта устувор йўналиш: “Бош сардор”, “Жасорат”, “Қизлар академияси”, “Яшил макон”, “Ибрат фарзандлари”, “Иқтидор”, “Устоз AI”, “Мутолаа” ҳамда “Матбуот ва медиа” йўналишлари бўйича ўтказилди. Бу йўналишлар болаларнинг қизиқиш ва қобилиятларини кенг қамраб олгани билан аҳамиятлидир.
Тадбир якунида ҳар бир йўналиш бўйича 9 нафар вилоят сардори аниқланиб, тантанали равишда эътироф этилди. Уларга ишонч ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди. Ушбу сардорлар келгусида Республика босқичида иштирок этиб, ҳудудларда болалар билан ишлаш ва ижтимоий-маънавий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этади.
Мазкур сайлов болаларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларнинг фикри ҳамда ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари