Нукус шаҳри “Ёшлар маркази”да Ўзбекистон болалар ташкилоти томонидан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ёшлар ишлари бошқармаси “Болалар ҳаракати” сардорлари сайловининг ҳудудий босқичи ташкил этилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон болалар ташкилоти томонидан болаларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, уларни қобилиятлари ва истеъдодларини ривожлантириш мақадида ҳар йили анъанавий тарзда “Болалар ҳаракати” сардорлар сайлови ўтказилмоқда. Болалар билан ишлаш, уларни ижодий қобилиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2026 йилдан бошлаб маҳалла, туман, ҳудудий ва республика сардорлар тизими йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Болалар ташкилоти фаолиятининг асосий мақсади болаларни ватанга муҳаббат, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва маънавий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, уларнинг таълим олиш ва дам олишига бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароит яратиш, болаларни садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ота-она, оила ва атрофдагиларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда даҳлдорлик, меҳр-саховат каби фазилатларни ривожлантириш, иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришга қаратилган ишларни самарали ташкил этишдан иборат.
Қорақалпоғистон Республикасида сардорлар сайлови шаффофлик ва адолат мезонлари асосида уч босқичда ташкил этилди. Жумладан, энг қуйи бўғин маҳалла босқичида 452 та маҳаладан 4 минг 68 нафар “Болалар ҳаракати” маҳалла сардори саралаб олинган бўлса, уларнинг орасидан 153 нафар иқтидорли бола шаҳар ва туман сардорлари этиб сайланди. Ғолиблар ҳудудий сардорлик учун беллашдилар.
[gallery-27486]
Ҳамкор ташкилот вакилларидан тузилган Танлов комиссияси ҳар бир номзоднинг тенгдошлари орасида амалга оширадиган лойиҳалари билан танишиб чиқдилар. Очиқ овоз бериш йўли билан энг муносиб деб топилган 9 нафар бола Қорақалпоғистон Республикаси “Болалар ҳаракати” сардорлар сафига қўшилишди. Ушбу сардорларга бир йил давомида фаолият юритиши учун Ишонч ёрлиғи тақдим этилди. Эндиликда улар бош сардор, жасорат, қизлар академияси, Яшил макон, ибрат фарзандлари, иқтидор, устоз АI, мутолаа, матбуот ва медиа каби 9 та йўналишда фаолият олиб боришади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари