Сирдарё вилоятида Ўзбекистон болалар ташкилоти — “Болалар ҳаракати” сардорлари сайловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Тадбирда вилоятнинг 11 та туман ва шаҳарларидан жами 99 нафар энг фаол ва иқтидорли ўқувчи ўз номзодини илгари сурди.
Ушбу жараён болаларнинг раҳбарлик қобилиятларини намоён этиш, ижтимоий ташаббусларини тақдим қилиш ва тенгдошларини фаолликка чорлашда муҳим имкониятга айланди.

Сайлов очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида ўтказилди. Иштирокчилар овоз беришда эркинликка эга бўлиб, ўз фикрларини очиқ билдирдилар. Бу жараён нафақат лавозим учун кураш, балки болаларнинг овози эшитилаётгани ва уларнинг фикрлари қадрланаётганини кўрсатувчи намунавий қадам бўлди.

Энг муҳими, сардорлик йўналишлари 9 та муҳим йўналишни қамраб олди: Бош сардор, Жасорат, Қизлар академияси, Яшил макон, Ибрат фарзандлари, Иқтидор, Устоз AI, Мутолаа ва Матбуот ва медиа. 10 дан 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўтказилган мазкур танловда иштирокчилар ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этиш билан бирга, ижтимоий масъулият ва етакчилик қобилиятларини синаб кўрдилар.


Танлов сўнггида 9 йўналиш бўйича вилоят сардорлари сайланди. Уларга ишонч ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди. Энди мазкур ёшлар маҳалла ва мактабларда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, тенгдошларини фаолликка чорлаш ва болаларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича фаолият олиб боришади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири