French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Болалар ҳаракати” сардорлари сайланди
12:28 / 2026-01-22

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида “Болалар ҳаракати” сардорлар сайловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбирда юртимизда “Болалар ҳаракати” сардорлари, етакчилари томонидан ўз тенгдошларининг аъло баҳоларга ўқиши, фаол ва ташаббускор бўлиши учун эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги, ана шундай тенгдошларига ибрат бўладиган, ўз ортидан эргаштира оладиган лидер болаларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш муҳим эканлиги таъкидланди. 

Сардорликка даъвогар бўлган болалар аввал маҳаллаларида, кейинчалик туман ва шаҳар босқичларида ўз билим ва қобилиятларини намоён этиб, вилоят босқичига етиб келди. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, вилоятдаги 879 та маҳаллада 7 минг 911 нафар, туман, шаҳарларда эса 144 нафар сардор сайланган бўлиб, бугун улар маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчиларига кўмакчи сифатида болалар билан ишлашда фаоллик кўрсатмоқда. 

Сайловнинг вилоят босқичида 16 та туман, шаҳарлардан сараланган 144 нафар фаол ўқувчи ёшлар тўққизта йўналиш бўйича вилоят “Болалар ҳаракати” сардорлиги учун ўз тақдимотлари билан иштирок этди.

 Якунда энг муносиб деб топилган 9 нафар лидер ва ташаббускор сардорга келгусида болалар ташаббусларини илгари суриш, жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиши учун ишонч билдирилиб, улар Андижон вилояти сардори этиб сайланди. 

– Аввало, менга ишонч билдирган барча тенгдошларимга чин дилдан раҳмат айтаман, – дейди “Болалар ҳаракати” Андижон вилоят сардорлигига сайланган Фирдавс Маннопов. – Бу ишончни оқлаш учун бор кучим, билимим ва имкониятимни ишга соламан. Чунки бош сардор бўлиш, бу шунчаки лавозим эмас, бу минглаб болаларнинг фикри, орзуси, келажак режалари учун масъул бўлиш дегани.

“Болалар ҳаракати” Андижон вилояти сардорларига Ўзбекистон болалар ташкилоти Бошқарув кенгаши раисининг “Ишонч ёрлиғи” ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ф. Убайдуллаев,

З.Умрзоқов (сурат),

ЎзА мухбирлари