Бугунги рақамли даврда болаларнинг дарс ва дам олиш вақтининг катта қисми гаджетлар билан боғлиқ. Аммо уларнинг узоқ муддат экран қаршисида ўтириши кўз саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу боис, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан болалар учун гаджетлардан фойдаланиш бўйича гигиена талабларининг янги тартиби белгиланди.
Мутахассислар таъкидлашича, монитор ёки планшетдан фойдаланишда экран билан кўз орасидаги масофа камида 70 сантиметр, иш юзасигача эса 25 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак. Иш жойи чап томондан табиий ёруғлик тушадиган тарзда жойлаштирилса, кўзга тушадиган зўриқиш камаяди. Шунингдек, ўқувчиларга мунтазам кўз гимнастикаси машқларини бажариш тавсия этилади.
5 ёшгача бўлган болаларга электрон таълим воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Чунки бу ёшда боланинг кўз мускуллари тўлиқ шаклланмаган бўлади ва экран нурлари кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
1–4 синфлар ўқувчилари дарс жараёнида гаджетлардан 10–20 дақиқа, 5–11 синфлар эса 15–35 дақиқа давомида фойдаланиши мумкин. Уй ва мактабдаги умумий фойдаланиш муддати эса ўқувчининг ёши ва синфига қараб 80–170 дақиқа орасида белгиланган.
Агар бола кўзнинг қизариши, хиралашиши, бош ёки бўйин оғриғидан шикоят қилса, бу ортиқча экран юкламасининг белгиси бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда бола шифокор кўригига юборилиши лозим.
М.Ҳожиакбарова, ЎзА