Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар – дунёни шодликка тўлдирувчи мўъжиза
17:45 / 2022-06-01

Болалик – подшолик. Бу даврни бежиз подшоликка ўхшатишмайди. Чунки болалик ҳар бир оила қувончи ва дунёни шодликка тўлдирувчи мўъжизадир.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида мамлакатимизда кенг нишонланиши ҳам бу жажжи юракларнинг ҳаётимизга сеҳрли ва бетакрор лаҳзаларни инъом этиши билан боғлиқ бўлса, ажаб эмас.

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 246-мактабда ушбу сана муносабати билан ўтказилган байрам тантанаси ҳам ана шундай тадбирлардан бири. Устозу ўқитувчилар ва ўқувчиларни бир мақсадга бирлаштирган ушбу тантанада уларнинг ютуқлари эътироф этилиб, байрам тилаклари билдирилди.

Мактаб директори Эльзара Юзликаеванинг таъкидлашича, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида ёш авлодга пухта таълим-тарбия беришдек устувор вазифалар мужассам. Мамлакатимизда ёшлар келажаги йўлида яратилаётган қулайликлар таҳсинга сазовордир.

[gallery-7392]

– Шу талаблардан келиб чиқиб, ўқув даргоҳимизда ўқувчиларга сифатли таълим бериш, улар иқтидорини юзага чиқариш мақсадида бир қатор тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган, – деди Э.Юзликаева. – Бугун 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан ташкил этилган тадбирдан асосий мақсадимиз шуки, ўқувчиларимизга қувонч улашиш билан бир қаторда давлатимиз раҳбарининг таълим-тарбия соҳасига қаратаётган эътибори туфайли навқирон авлодни маънавий етук қилиб тарбиялаш ва ўқитиш учун мамлакатимизда барча шароит мавжудлигини яна бир карра намоён этишга қаратилган. Билим даргоҳимиз кучли салоҳиятга эга ва бу ерда ўз фанининг ҳақиқий жонкуярлари меҳнат қилади. Улар 3 минг 438 нафар ўқувчига пухта билим беради. Мактаб ўқувчилари орасида 56 нафар ўқувчи чет тилини ўрганиш бўйича IELTS имтиҳонини топширган ва улар орасида 7,5-8 балл олганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай тўпланган салоҳият ва катта тажриба туфайли битирувчиларнинг 25 фоизи хориждаги олий ўқув юртларида ўқишга муваффақ бўлди. Бу йил эса 11- синфни 252 нафар ўқувчи битираётган бўлса, уларнинг 16 нафари олтин медаль билан тамомлаяпти. 9-синфни тугатаётганлар 321 нафарни ташкил этади.

Айни кунларда мактаб ўқувчилари ёзги таътилга чиққан, лекин улар учун мавсумни мазмунли ўтказиш мақсадида 6 июнь кунидан бошлаб, бу ерда тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади. Бундай имконият эса биринчи синфни тамомлаган Тигран Худоян учун қувончли хабар бўлди. Тўғри, у бу ерда севимли машғулоти – хоккей билан шуғуллана олмаса-да, лекин ўзи қизиққан фанлардан тўгаракка қатнашишга яхши имконият бўлди.

– Мактабимизни, устозларимни жуда яхши кўраман, – деди у биз билан суҳбат чоғида. – Спортнинг хоккей тури билан шуғулланиб, биринчи ўрин совриндори бўлдим. Бундан жуда хурсандман. Ниятим яна баланд чўққиларга чиқиш. Бугун Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган тадбир менга жуда ёқди. Совғалар беришди. Ўзимиз ҳам шеърлар айтдик. Энди бу ерда тўгаракларга қатнашмоқчиман.

Ўйин-кулгу, ашула ва рақслар ижроси мурғак кўнгилларга олам-олам қувонч бахш этган бўлса, улашилган совғалар улар учун кутилмаган туҳфа бўлди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА