Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар бахтли ва баркамол улғайишига барчамиз масъулмиз!
14:45 / 2025-06-01

1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Яқинда ижтимоий тармоқда тарқалиб, жиддий муҳокамага сабаб бўлган бир воқеа менинг ҳам эътиборимни тортди. Республикамизнинг чекка бир қишлоғида истиқомат қилалиган 12-13 ёшли бола пойтахт кўчаларида ўтган-кетган машиналар ғилдирагини қорайтириб юрибди. Отаси ташлаб кетган, икки синглиси ва онасини боқиш, оилага моддий ёрдам бериш учун болалик дунёсидан йироқлашган. Энг ачинарлиси, кечаси бориб ётадиган жойи йўқ бу болакай тўғри келган ўриндиқда тунаб қолаётган экан...

Аслида, унинг ҳам тенгқурларидек беғубор болалик дамларини суриш, оила бағрида ота-онасининг эркатойи бўлиб улғайишга ҳақи бор. Афсуски, аччиқ қисмат, жамиятдагиларнинг эътиборсизлиги, оиладаги носоғлом муҳит ўсмирнинг беғубор дамларини ўғирламоқда.

1 июнь ана барчамизни шундай қийинчиликларга дуч келган болаларга ёрдам бериш, тазйиқ, ҳўрликка чидаб келаётган мурғакларни ҳимоя қилиш, бир сўз билан айтганда болаларнинг ҳақ-ҳуқуқини таъминлашга чақирадиган муҳим сана.

Дарҳақиқат, болалар – ҳаётимизнинг мазмуни, асосий мақсади ва келажагимиз. Уларни асраб-авайлаш, комил инсон қилиб вояга етказиш учун нафақат ота-оналар, балки бутун жамият масъул. Шу боис болаларни асраш, уларнинг ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш мақсадида бутун дунёда турли хил чора-тадбирлар кўрилади, ҳужжатлар қабул қилинади – конвенция, меморандум, декларация, келишувлар имзоланади.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни жамиятдаги ҳар бир ўғил-қиз ҳуқуқини муҳофаза қилиш, унинг фаровонлиги ҳақида қайғуриш зарурлигини эслатувчи муҳим сана. Ҳар йили 1 июнь одамларга ёши, ирқи, жинси ва диний эътиқодидан қатъи назар, бола ҳуқуқи муҳимлигини такрор эслатади. Қашшоқлик, зуғум, зўравонлик ва бола ҳуқуқи, фаровонлиги тамойили бузилишига олиб келадиган бошқа кўплаб муаммолар ҳақида хабардорликни оширади.

Ҳозир халқаро миқёсда нишонланаётганига 75 йил бўлган ушбу кун тарихи ва анъаналарига тўхталамиз.

Энг қадимий халқаро байрамлардан бири ҳисобланган, болажонлар таътили ва ёзнинг бошланишиига тўғри келадиган Болалар кунини ўтказиш тўғрисида қарор 1949 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган махсус сессияда Халқаро Демократик аёллар федерацияси томонидан қабул қилинди. БМТ ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, болалар ҳуқуқи, ҳаёти ва саломатлиги ҳимоясини фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифаида эълон қилган.

Мазкур сана катталарга болаларнинг яшаш, фикр ва эътиқод эркинлиги, таълим олиш ва ҳордиқ чиқариш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, жисмоний ва руҳий зўравонликдан ҳимоя қилиш зарурлигини эслатиб туради.

Халқаро болалар куни учун тасдиқланган махсус байроқ дизайни рамзий маънога эга: орқадаги яшил ранг юксалиш, беғуборлик, фаровонликни, марказдаги Ер шари атрофидаги қизил, кўк, сариқ, оқ ва қора ранглар дунёнинг ҳар қандай бурчагидаги бола ирқи, миллатидан қатъий назар тенглигини ифодалайди.

50 га яқин давлатда 1 июнь куни нишонланадиган болалар байрамини кўпгина мамлакатлар 20 ноябрга белгилаган.

Маълумки, айрим юртларда болалар меҳнат кучи сифатида ишлатилади, қуролли можароларда аскар сифатида фойдаланилади, кўчаларда яшайди ёки ногиронлиги туфайли азобланади. Сир эмас, айни пайт дунё кўз ўнгида фаластинлик минглаб болалар ҳам уқубат чекмоқда, нобуд бўлиб, очликдан ўляпти. Болажони ҳаракатсиз танаси, сочини силаган, жонсиз гўдаги билан гаплашган, улардан узр сўраётган фаластинлик оналарни ижтимоий тармоқ орқали кўп кўрамиз. Бундай ҳолатни кузатиш даҳшат!

Фарзанди, набираси, жияни, қўйинг-ки кичик бир фариштаси бор инсон  яхши тушунади бола ҳаёт бетакрор мўъжизаси, туҳфаси эканини. Уларни суйиб эркалаймиз, ўғил-қизларимизга энг яхши нарсаларни раво кўрамиз. Бугун Ғазодаги гўдаклар шундай меҳр-эътибордан мосуво. Кўпчилик эса фаластинлик гўдаклар бошига тушган ҳолни шунчаки кузатяпти. Бу одамзод чидайдиган мусибат эмас. Икки давлат норозилиги ва келишмовчилигига энг қиммат товонни болалар тўлаяпти.

Бу заминда ҳам тинчлик шамоли эсиб, бегуноҳ болажонлар қони тўкилишига чек қўйилиши, фаластинликлар ҳам Халқаро болалар кунини байрам қилиб нишонлашини истардик.

Мазкур сана турли мамлакатларда ўзига хос нишонланади. Масалан,  Жанубий Кореяда 1954 йил 5 майдан буён нишонлаб келинади. Шу куни ота-оналар кўпинча болаларига совға беради, вақтини фарзандлари билан ўтказади. Уларни ҳайвонот боғи, музей, ўйин-кулги масканларига олиб боради.

Японияда 1948 йилдан бери 5 май Миллий байрам болалар бахтиёрлигини кўрсатиш, оналарга миннатдорлик билдириш куни. Энг қизиғи, мамлакатда болалар куни икки марта – 3 март қизлар учун, 5 май ўғил болалар учун нишонланади.

ГФРда ҳам болалар куни урф-одати сезиларли даражада фарқ қилади. Шарқий Германияда 1950 йил жорий этилган ва кейинчалик болалар учун ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган. Шу куни болалар табрик қабул қилади, ота-онасидан совға олади, махсус саёҳатга чиқади. Масалан, дала сафари уюштирилади.

Юртимизда Болаларни ҳимоя қилиш куни кенг жамоатчилик диққати тегишли муаммоларга қартилади. Масалан, ўғил-қизлар ҳуқуқи ҳимояси, ҳимояланган дунёда яшаш имконияти, бахтли болаликка эга бўлиши, ўз мамлакатининг тўла-тўкис, хотиржам фуқароси бўлиб ўсишига эътибор қаратилади. Шунингдек, яна бир асосий мақсад – улғайиб келаётган авлодни келажакда маънан бой, жисмонан соғлом, ахлоқан пок қилиб вояга етказишдир.

Бир сўз билан айтганда, нафақат ўз фарзандимиз балки, жамиятдаги ҳар бир болани асраб-авайлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш, зўравонлик ва ёмон вазиятларга тушиб қолишининг олдини олишга барчамиз бирдек масъулмиз. Зеро, болалар – эртанги кунимизнинг эгалари, уларнинг бегонаси йўқ!

Гўзал Сатторова, ЎзА мухбири