Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болалар адабиётига оид тарғибот ишларини кучайтириш – давр талаби
15:48 / 2026-02-05

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида мазкур ижодий ташкилот Болалар адабиёти кенгашининг 2025 йилдаги фаолияти сарҳисобига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо болалар адабиёти тарғиботида замонавий усул ва воситалардан кенг фойдаланиш ғоят муҳимлиги, бу борада айниқса, ижодий танловлар, викториналар, турли маърифий лойиҳаларни тобора кўпроқ ташкил этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлади.  

Айтиш керакки, уюшманинг Болалар адабиёти кенгаши фаолияти натижаси ўлароқ, ёзувчи Муҳаббат Йўлдошеванинг Халқаро Андерсен мукофотига номзоди қўйилиб, бир неча босқичлардан муваффақиятли ўтгани эътиборга моликдир. Ўзбекистон тарихида илк бор бундай катта мукофотга ўзбек ёзувчисининг номзоди қўйилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбекистон” нашриёти томонидан ижодкорларимизнинг “Китобхон болалар” рукнида Турсунбой Адашбоев, Зафар Диёр, Қамбар Ота, Ҳамза Имонбердиев, Абдураҳмон Акбар, Муҳиддин Омон, Ориф Тўхташ, Муҳаббат Йўлдошева, Кавсар Турдиева, Равшан Исҳоқов  ва “Буюклар болалиги” туркумида Хуршид Дўстмуҳаммад, Муҳаббат Ҳамидова, Орзиқул Эргаш, Эрпўлат Бахт ва бошқа қатор ижодкорларимизнинг китоблари нашр  этилди.  

[gallery-27484]

Шу билан бирга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги томонидан чоп этилган буюк боболаримиз болалигига бағишланган “Илдиз” номли тўпламдан уюшма аъзолари Саъдулла Қуронов, Гулноз Тожибоева, Қобилжон Шерматовнинг китоблари жой олди.  

Болалар адабиётида таржима соҳаси ҳам ўз ўрнини топаётгани диққатга сазовордир. Муҳаббат Йўлдошева  “Бадиий таржима: кеча ва бугун” Республика таржимонлар форумида “Ўзбек болалар адабиётини рус тилига бадиий таржима қилиш масалалари” мавзусидаги маърузаси билан фаол қатнашди ҳамда декабрь ойида Гулноз Тожибоева Москва шаҳрида бўлиб  ўтган Халқаро адабий форумда иштирок этиб қайтди.  

Қолаверса, Муҳаббат Йўлдошева Россиянинг Новосибирск шаҳрида бўлиб ўтган “Диалог с книгой” (“Китоб билан мулоқот”) номли Осиё  халқаро илмий-маданий форумида “Художественный перевод как инструмент  межкультурной коммуникации и интеграции” (“Бадиий таржима маданиятлараро коммуникация ва интерграция қуроли сифатида”) номли маъруза билан иштирок этди. Адибанинг “Великая Молочная река”, “Приключения маленькой Тыковки”,  Гулнозхоннинг “Новый дом муравьев” эртаклари Муҳаббат Йўлдошева таржимасида  Туркманистоннинг “Kitapcy” онлайн  кутубхонасида нашр қилинди.  

Кенгаш аъзолари, болалар адабиёти ижодкорлари юртимизда ўтказилаётган турли тадбир ва учрашувларда доим фаол иштирок этиб келаётгани ўз навбатида, ёшларни адабиётга, китобга янада яқинлаштирмоқда. 2025 йил мобайнида боғча, мактаб, олий ўқув юртларида ўтказилган қатор тадбир, ижодий кечаларда ёзувчи Муҳаббат Йўлдошева ҳамда Гулноз Тожибоева муаллифлик китобларидан  умумий ҳисобда  500 дан ортиғини кутубхона ва фаол ўқувчилар, талабаларга совға қилди. Бу ҳам ўз навбатида китобхонлик тарғиботининг  ўзига хос кўринишидир.  

Йил давомида мамлакатимизнинг болалар шоир ва ёзувчилари қатор газета ва журналларда  эртак, ҳикоя ва шеърлари, илмий, таҳлилий мақолалари  чоп этилди. 2025 йил давомида барча ижодкорлар аввалги йилларга нисбатан самарали ижод қилиб, адабий тарғибот ишларида фаол қатнашди.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида болалар йўналишида бир неча китоблар нашр этилди.  

Турсунбой Адашбоев ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг “Танланган асарлар”и, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Ёмғири мўл булутлар”, Ўта Бердиёрнинг “Шаҳардан хат”, Ҳамза Имонбердиевнинг “Билағон” шеърий тўпламлари, Абдулла Айизовнинг “Катта бўлсам кўрасиз” номли ҳикоя тўпламлари чоп этилди.

Ижод мактаблари ўқувчиларининг китобларини нашр этишга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан,  “Менинг биринчи китобим” лойиҳасида Оминахон Ботированинг “Нур водийси” номли ҳикоялар тўплами, Сарвиноз Латипованинг “Из”,  Дилобар Абдуфаттоҳованинг “Таътилдаги телефон”, Моҳинур Бахтиёрованинг “Бахтга мактуб” шеърий тўпламлари чоп этилди.  

“Биринчи китобим” лойиҳасида  Нозима Турдиеванинг “Хўрозқанд” номли шеърий тўплами, Искандар Низомовнинг “Қасос” сценарийлар тўплами, Самандар Конишевнинг “Балиқлар ҳам йиғлайди” номли пьесалар тўплами, Гулчирой Иброҳимованинг “Беш билан уришган бола” номли эртаклар тўплами, Қувондиқ Бийсенбаевнинг “Китоблар қўзғолони” номли қисса ва ҳикоялар тўплами нашр этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Болалар адабиёти кенгашининг  2026 йилги режалари, китоб тарғиботига оид амалий ишлар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА мухбирлари