Парламент қуйи палатасининг мажлисида оилавий (маиший) зўравонликлардан ҳимоялаш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.
— Жамиятнинг асоси бўлган оила мустаҳкамлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, оиладаги турли зўравонликларнинг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова. — Аммо ушбу чораларга қарамай, оиладаги зўравонлик ҳолатлари ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилда оилавий (маиший) зўравонликдан хотин-қизларни ҳимоя қилиш мақсадида 40 минг 55 та ҳимоя ордери берилган. Жорий 6 ой давомида берилган ҳимоя ордерлари 21 минг 818 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20 фоизга кўпайган.
Бундан ташқари, болаларга нисбатан ҳам оилавий (маиший) зўравонлик бўлаётгани ачинарли ҳол. Шу сабабли ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг оилавий (маиший) зўравонлик тўғрисидаги 126/1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдирилмоқда. Амалдаги нормада эр-хотин ёки оилада бирга яшовчи бошқа шахсларга нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган бўлса-да, бу ҳаракатларни болага нисбатан содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган эди.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 583-моддаси “Оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киришидан олдин берилиши мумкин” мазмунидаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасининг муҳимлиги ҳамда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит яхшиланишини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилиб, иккинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА