Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Болада ният ҳосил бўлмас экан, мактаб биноси ичида қуруқ назарияга кўмилиб қолаверамиз
15:40 / 2020-11-06

«Пок бўлса ният – сенинг олийжаноб айлар хаёл», деган машҳур ибора қўшиқларда ҳам куйланади.

Эркин Воҳидовга тегишли бу бетакрор иборани бежиз келтирмаяпмиз.

Ҳозир ҳамма пок ниятлар билан мамлакатимиз таълим тизимини жаҳон ретингларида илғорлардан бўлишини ва пировардида Учинчи Ренесансни амалга оширишга бел боғлаган. Буни албатта маслаҳат билан, хорижий тажрибаларни чуқур ўрганиб ва ўзимизнинг илғор тажрибаларга омихта қилса ўзига хос таълим модели яратилади.

Хорижий таълим ва айниқса Финляндия таълим тизими мақталмоқда. Бу ҳақида бир қанча мақолалар чоп этилмоқда. Бу ўрганишлар асосида хулосалар қилиш вақти келди. Хорижий таълимнинг энг катта ютуғи болаларни фикрлашга ўргатишидир. Сунъий интеллект ва мустақил ўқиш, кутубхона имкониятларидан кенг фойдаланиш, болаларни ҳаётга тайёрлаш учун очиқ ҳаводаги дарслар муҳим аҳамият касб этади.

Болаларга хориж таълимида фикрлаш ва ғояларни илгари суриш эркинлаштирилган, ўқитувчи таълим менежерига айланган. Дарсликлари ҳам асосан мустақил фикрларга чорловчи мавзулар ва мантиқни чархловчи ғоялар билан тўла.

Шунинг учун халқаро рейтингларда улар биринчи ўринда. Халқаро баҳолаш тизимларда биринчи навбатда ҳаётий ва мантиқий масалалар берилади. Бола аввало ҳаётга тайёрланади. Муаллим дарсда якка ҳоким эмас. Дарслик ҳам ягона ва мажбурий эмас. Ҳамма болалар бирор лойиҳа билан банд. Ўқитувчи ҳам камида магистр маълумотга эга эканлиги айтилмоқда.

Улар шу даражага босқичма-босқич ислоҳотлар натижасида эришди. Дунёда тажрибалар етарли. Агар биз шуларни ўрганиб, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ислоҳотларга киришса, таълимни оз фурсатларда жаҳон стандартларига олиб чиқиш мумкин.

Яратилаётган миллий таълим тизими учун мен қуйидагиларни назарда тутишни тавсия қилар эдим. Аввало ислоҳотлар даврида ҳар бир кишида, ўқувчи ва талабада маълум бир мақсад бўлиши керак, чунки мақсадлар буюк ғояларни олиб келади. Бола мактаб, коллеж, лицей ё институтда бўладими, қандайдир лойиҳа билан банд бўлиши керак. Агар шундай қилсак, у яхши кузатувчи ҳам бўлади, чунки баъзида кузатувчанлик ақл-заковатдан кўра яхшироқ ёрдам бериши мумкин.

Тан олайлик, сўнгги пайтда болалар театрга, музейга, планетарийга бордими, ҳаётни кузатдими? Олий таълимдаги ишлаб чиқариш амалиёти-чи? Ахир улар ҳам таълимни бир бўлаги эди-ку?! Ишлаб чиқариш корхоналарига болани олиб боришга ҳаракат қилсангиз, раҳбарлари рад қилиб, энсаси қотар эди. Болада ният ҳосил бўлмас экан, мактаб биноси ичида қуруқ назарияга кўмилиб қоламиз.

Болада касбга, илм ва ижодга мотивация бўлиши керак. Айни амалиётда бу шаклланади. Чунки ўз кўзи билан кўради. Бу оммавий бўлиши керак. Фақат иқтидорли болалар ёки турли кўрик танлов, олимпиада ғолибларига эмас. Чунки аксарият инсон боласида нимагадир иқтидор бор. Финлар мана шуни рўёбга чиқара олдилар. Кўп тинглаб, эшитиб юрган болаларнинг ҳам қулоқлари ғоялар антеннасига айланади. Одатда ақлли болалар кам гап бўладилар. Шунинг учун инсонларнинг тақдирини фақат тестлар билан аниқлаш усулини нечоғлик самарали эканлигини ўйлаб кўриш керак.

Тан олайлик, кўплаб иқтидор эгалари институтларга киролмай қолди, ажойиб педагогларимизнинг тоифалари адолатсиз туширилди. Ижодкорликни тест билан аниқлаш хато. Биз хатоларимизни тан олиб уни тузатиш йўлига ўтишимиз керак. Агар баҳолаш мактабларда адолатли амалга оширилса, ўқувчининг сўнгги олти йилги баҳосини ўртачаси ҳисобга олиниши ва кейинги босқич кириш балларига қўшилиши тўғри қарор бўлади.

Яна бир масала. Одатда савол илмнинг ярми дейишади. Саволлар беринг ва ўзгалардан маълумотлар йиғинг. Берилган саволига қараб кишини қанчалик илм ва фаросат даражасини билиб олиш мумкин. Баҳсларда илм чархланади. Хорижий таълимда эркин мулоқотлар биринчи ўринда.

Барча ғоялар ҳурмат қилинади.Фикрлар эркинлиги бор жойда ғоялар пайдо бўлаверади. Шунда кимнингдир ғоясидан фойдаланиб, бола унга ўз фикрини қўшади, янги ғоялар яратади. Таълимнинг юқори қисмида бу усулдан кенг фойдаланиш керак. Одам ҳар доим фикрлар орасида алоқалар яратади, бир фикрни олиб бошқасига улайди. Ҳар қандай хато ва мағлубиятлар буюк ғояларга олиб келади. Бола ўз ғояларини ёзиб боришини мактабданоқ ўргатиш керак. Бу митти ғоялар кейин инновацияларга айланади.

Чиндан ҳам таълимда катта ислоҳотлар бўсағасидамиз. Олдинда кенг кўламли ишлар турибди. Таълимда ўқитиш сифатли бўлиши учун методология кучли бўлиши керак. У бутун таълим маъносини ўз ичига олади. Биз ҳавас қилаётган таълим тизими ривожланган хорижий мамлакатлар Финляндия, Болтиқ бўйи, Жанубий Корея, Қозоғистон, Беларус каби мамлакатларда муваффақиятли қўлланиб келмоқда. Шуларнинг тажрибасини бориб кўриб ўрганиш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Ниятимиз пок, таълим тизимимиз тез орада дунё даражасида бўлишига ишончимиз комил. Сўнгги тўрт йилда бу тизимга берилаётган маблағлар, яратилаётган имкониятлар, ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам учрамайди.

Бутунжаҳон иқтисодий форумининг келгусидаги иш ўринлари тўғрисидаги ҳисоботга кўра, ходимлар 50% технологияларни татбиқ этиши 2025 йилга келиб қайта тайёрлашни тақозо қилади. Биз шу ўзгариш жараёнларини ҳисобга олишимиз керак.

Танқидий фикрлаш ва муаммоларни ҳал қилиш, иш берувчиларнинг фикрига кўра, кейинги беш йил ичида муҳим аҳамият касб этади. Агар ғоялар бўлмаса, қандай фикрлар бўлиши мумкин? Шунинг учун ҳар қандай таълим дастурларида таҳлил қилиш ва янгилик киритиш кўникмалари мажбурий бўлиши керак.

Янги дарслик муаллифлари самарали ўқитиш усулларини ўзлари хорижий тажрибалардан ўрганиб ёзишлари лозим. Ҳозир битирувчи мураккаб масалаларни ҳал қила олмаса, борадиган иш жойида муаммолар гирдобида қолади. Ҳар бир болада мактабданоқ танқидий фикрлаш ва таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш керак.

Бунинг учун фанларда лойиҳалар, очиқ ҳаводаги дарслар ва бевосита корхоналарда, IT parkларда, илмий лабораториялардаги дарслар муҳим. Ботаника, зоология умуман, табиий фанларни амалий қисмини очиқ осмон остида боғларда ўтишни тавсия қилиш мумкин.

Шунда ёш қалбларда яратувчанлик, ўзига хослик ва мулоҳазакорлик учқун ва ғоялар аланга олади. Умуман ёшларга раҳбарлик қилиш, жамиятга ижтимоий таъсир этиш, янги жорий этилаётган технологиялардан фойдаланиш ва назорат қилишни топширса уддалайдилар. Ҳар куни янги технологиялар кириб келаяпти, шунинг учун таълим фундаментал бўлса тез мослаша олади.Технология, дизайн ва дастурлаш кўникмалари замонавий таълимнинг марказида бўлиши зарур. Уни ёшлар касб қилиб, маблағ ишласа ҳам бўлади.

2020-2021 йиллардан бошлаб Миллий ўқув дастури асосида жорий қилинаётган умумий ўрта таълим мактаблари дарсликларида ўқувчиларда танқидий ва ижодий фикрлаш, масалага ечим топиш, технологик дизайн ва дастурлаш, 21-асрнинг бошқа кўникмаларини ривожлантириш ҳисобга олиниши лозим. Шунда пировардида руҳияти кучли, стрессга чидамли, мослашувчан, мулоҳазали, муаммони ҳал қилувчи ва энг муҳими, фикр юритувчи ёшларни тарбиялаган бўламиз.

Бахтиёр КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси