Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бола қаерда бўлишидан қатъий назар унинг хавфсизлиги таъминланиши шарт
13:38 / 2026-03-04

Болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи бугун мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу борада  барча зарурий  қонунчилик асослари яратилган.

Мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлариини таъминлаш, боланинг ҳаёти ва соғлиғини, қадр-қимматини муҳофаза қилиш, унинг камситилишига йўл қўймаслик, ёш авлоднинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш каби устувор йўналишлар белгилаб берилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассиси Фарид Назаров соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди: 

– Болалар қандай, қаерда тазйиқ ва зўравонликка учрашидан қатъий назар, доимо давлатимиз ҳимоясида. Айниқса, “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши болалар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Ушбу қонун бола манфаати устуворлигини нафақат декларатив тарзда, балки аниқ ҳуқуқий механизмлар орқали амалда таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

2025 йилда болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 19 та жиноий иш қўзғатилган. Бу рақам ҳар бир ҳолат қонуний баҳолангани, мурожаатлар эътиборсиз қолдирилмагани ва давлат болалар хавфсизлигига қатъий ёндашаётганини кўрсатади. Ҳар бир ҳолат ортида бир боланинг тақдири турганини ҳисобга олсак, бу кўрсаткич шунчаки статистика эмас, балки тизимли ва муросасиз позициянинг амалий ифодасидир.

Бугун қабул қилинаётган қонунлар болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишни комплекс ёндашув асосида ҳал этишни назарда тутади. Профилактика, барвақт аниқлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва реабилитация — ушбу жараённинг узвий қисмлари. Энг муҳими, давлат болани ҳимоя қилишни фақат оила доираси билан чеклаб қўймайди. Бола қаерда бўлишидан қатъий назар — оилада, таълим муассасасида, жамоат жойида ёки рақамли муҳитда — унинг хавфсизлиги таъминланиши шарт.

Жисмоний таъсир, руҳий тазйиқ, жинсий дахлсизликка тажовуз, эксплуатация, ғамхўрлик кўрсатмаслик, таъқиб ва буллинг каби ҳолатлар болага нисбатан зўравонлик сифатида эътироф этилади. Замонавий хавф-хатарлар, айниқса интернет орқали содир этиладиган тазйиқлар ҳам қонун доирасида алоҳида эътиборга олингани бу ҳужжатнинг замон талабларига мослигини кўрсатади.

Зўравонлик ҳолатларини барвақт аниқлаш, текшириш, айбдорларни жавобгарликка тортиш, жабрланган болага психологик, тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишлари тизимли равишда амалга оширилиши белгиланган. Бу жараёнда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими, маҳалла институти ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ўзаро ҳамкорлик қилади.

Яна бир муҳим жиҳати, ҳимоя ордери институти жорий этилганидир. Ҳимоя ордери болани таҳдид солаётган шахсдан ҳуқуқий жиҳатдан ажратиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш имконини беради. Зарур ҳолларда унинг амал қилиш муддати узайтирилиши мумкинлиги бола хавфсизлигига узоқ муддатли кафолат яратади.

2025 йил давомида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан алимент масалалари юзасидан судларга 3,5 мингдан ортиқ даъво аризаси киритилиб, алимент тайинланиши таъминланди. Бу кўрсаткич болаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб турмуш шароитини таъминлаш давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этаётганини яққол намоён этади.

Бугун мавжуд тартибларга асосан, профилактикага алоҳида урғу берилмоқда. Зўравонлик содир этилгандан кейин эмас, балки унинг олдини олиш асосий вазифа сифатида белгиланган. Аҳоли ўртасида ҳуқуқий онгни ошириш, ота-оналар билан тушунтириш ишларини кучайтириш, таълим муассасаларида болаларга ўз ҳуқуқларини англатиш — самарали профилактиканинг муҳим қисми. Чунки боланинг ўз ҳуқуқини билиши унинг биринчи ҳимоя воситаси. Бундан ташқари, “оилавий масала” деган тушунча билан зўравонликни яшириш амалиётига барҳам бериш кўзда тутилган. Боланинг шаъни ва қадр-қиммати давлат ҳимоясида. Ҳеч қандай анъана ёки урф-одат болага нисбатан тазйиқни оқлаб бермайди.   

Жабрланган болаларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш ҳам муҳим вазифалардан ҳисобланади. Зўравонликка учраган бола фақат ҳуқуқий ёрдамга эмас, балки психологик тикланишга ҳам муҳтож бўлади. Шу боис ижтимоий ва психологик хизматлар фаолиятини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Ҳеч кимга сир эмас, бир неча йиллар аввал қишлоқ хўжалиги ишларида, пахта кўчатларини ягоналаш, чопиш, айниқса, пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланиб келинган. Бугун айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнатига тўлиқ барҳам берилди. Уларнинг  ижтимоий ҳимояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ёш авлод вакилларининг барча ҳуқуқларини таъминлаш учун молиявий ресурслар ажратилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлашимиз лозимки, боланинг хавфсизлиги таъминланган жамият — барқарор ва тараққий этган жамият.

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.

ЎзА