English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бола парвариши бўйича нафақа бериш тартиби қандай?
20:06 / 2021-03-16

Савол: 2 ёшгача бола парвариши бўйича ҳамда 14 ёшгача болали оилаларга нафақа бериш тартиби қандай бўлади?

Юридик клиника 

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг "Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги қарори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа (болали оилаларга нафақа), бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа (бола парвариши бўйича нафақа) ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Қарорнинг 8-бандига кўра, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Оила таркибига кимлар киритилиши қарорнинг 19-бандида келтирилган. Унга кўра, оила таркибига болаларнинг отаси, онаси ёки никоҳдаги ҳар икки ота-онаси (фарзандликка олувчилар), ота-оналар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар, шунингдек, ота-оналар билан биргаликда яшайдиган ва ўз оилаларига эга бўлмаган 16 ёшдан катта ёшдаги болалар киради.

Қарорнинг 12-бандида болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам ариза берувчининг яшаш жойи бўйича фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан оила бошлиғи ёки бошқа муомалага лаёқатли оила аъзосининг ёзма аризаси асосида, бола парвариши бўйича нафақа эса – боланинг онаси ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг аризаси асосида тайинланиши кўрсатилган.

Алоҳида ҳолларда, оилада муомалага лаёқатли аъзолар бўлмаган тақдирда нафақа ва моддий ёрдам оила аъзоларининг ёзма аризасисиз фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раисининг тақдимномаси бўйича тайинланиши мумкин.

Бундай ҳолда ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси номига ёзилади.

Аризага оиланинг таркиби ва даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ушбу даромадларни тасдиқловчи ҳужжатлар, болали оилаларга нафақа ёки бола парвариши бўйича нафақа олиш учун – болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари нусхалари, яшаб турган жойи бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун — доимий яшаш (доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган) жойи бўйича болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам тайинланмаганлиги ва тўланмаганлиги тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган маълумотнома илова қилинади.

Оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини текшириш натижалари бўйича махсус комиссия болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишга эҳтиёжманд оилалар рўйхатини шакллантиради ҳамда уларни ушбу календарь ойи тугашидан камида беш кун олдин кўриб чиқиши учун фуқаролар йиғини ёки Комиссияга киритади. Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам тайинлаш ёки уни тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини (Комиссия) томонидан очиқ овоз бериш (оддий кўпчилик овози билан) йўли билан қабул қилинади.

Ушбу материал ТДЮУнинг “Юридик клиника”си талабалари томонидан ўқитувчилар назорати остида тайёрланди.

ЎзА