Янги фармон
Инсон ҳуқуқи аслида бола ҳуқуқидан бошланади. Халқаро ҳужжатларда бола ҳуқуқлари бўйича алоҳида меъёрлар бор. Қолаверса, БМТнинг энг нуфузли тузилмаларидан бири – ЮНИСЕФ болалар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминаш бўйича фаолият юритади.
Ўзбекистонда узоқ йиллар болалар ҳуқуқларига оид ҳуқуқий меъёрлар инсон ҳуқуқларига оид нормалар ичига киритилган. Фақат 2008 йилга келиб илк бор “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
2019 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қандай ишларни амалга оширди ва бу институт Президент фармони билан нега алоҳида тузилмага айлантирилди? Бу ҳақда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова билан суҳбатлашдик.
– Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сифатида ишга киришар эканмиз, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар қилинаётанига қарамай, ҳал этилиши зарур бўлган кўплаб муаммолар ҳам борлиги аён бўлди, – дейди Алия Юнусова. – Аввало, болалар ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш учун миллий қонунчиликни мустаҳкамлаш зарурати борлиги маълум бўлди.
Таълим, маданият, ижтимоий таъминот ва ҳимоя соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш зарурати аёнлашди. Қашшоқликни бартараф этиш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ривожланиш ва тенг имкониятларни яратиш, айниқса, аёллар ва болаларни заифлаштирадиган омиллар таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар шулар жумласидан.
Жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатлари ҳам ушбу соҳада қандай муаммолар борлигини кўрсатмоқда.
2020 йил мобайнида Вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида юзга яқин мурожаат тушди.
Ачинарлиси, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг турар жой билан таъминланиши тўғрисидаги 12 мурожаати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жавобсиз қолдирилган.
Қолган мурожаатлар боланинг оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқи, алимент олиш, боланинг турар жойга бўлган ҳуқуқи, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг турар жойга бўлган ҳуқуқлари бузилиши кабиларни ташкил этди.
– Мурожаатлар қандай ҳал этилди?
– Мурожаатлар давлат ҳокимияти органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда ўрганилиб чиқилди.
Жумладан, Россия Федерацияга даволаниш учун борган, аммо пандемия сабаб Ўзбекистонга қайта олмай қолган болалар Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда юртимизга қайтарилди. 3 нафар бола Санкт-Петербургдан, 4 нафар бола оналари билан бирга Москвадан Ўзбекистонга олиб келинди.
Фуқаро О.Томашевскаянинг 10 ёшли ногиронлиги бўлган фарзанди таълимга жалб қилинмаган. Бу борада Халқ таълими вазирлиги раҳбариятига мурожаат қилиб, боланинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланди.
Тошкент вилояти Янгийўл туманида яшовчи фуқаро Н.Юсупова оиласи кам таъминлангани, фарзандига ногиронлик аравачасини олиб беришга моддий жиҳатдан қийналаётгани, боласи ўзи юра олмаслигини билдириб, амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда вояга етмаган болага ногиронлик аравачаси олиб берилди. Бундай мисоллар кўп.
– Сир эмаски, вояга етмаган шахсларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари учраб турибди. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?
– Тўғри, вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик жинояти сони кўпайиб бормоқда.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига шундай мазмунда 7 мурожаат келиб тушди. Жумладан, 14 ёшгача бўлган вояга етмаган қизларнинг жинсий зўрланиши Қашқадарё, Андижон, Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида рўй берди.
Масалан, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 8-синф ўқувчиси аммасининг 53 ёшли турмуш ўртоғи Т.С. томонидан зўрланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Судда Т.С.га 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Айни пайтда вояга етмаган шахсларга нисбатан зўравонлик, жинсий тажовуз қилганлик учун жазоларни кучайтириш бўйича иш олиб борилмоқда.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мурожаатлар юзасидан 8 маротаба ўзи ва вакили орқали суд процессларида иштирок этди.
Бола ҳуқуқларини таъминлаш, вояга етмаганларга оид қонун хужжатлари ижроси назоратини ўтказиш ва тегишли органлар билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга 47 сўров жўнатилди.
Бундан ташқари, асаб-руҳий касалликлари диспансерлари ва шифохоналари, болалар уйлари, “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйлари, “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари, Республика ихтисослашган ўқув-тарбия муассасалари, жазони ижро этиш муассасаларида ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда. Мониторинг натижалари юзасидан 10 га яқин хулоса ва таклифлар юқори ташкилотларга юборилди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ушбу соҳада қандай ўзгаришлар бўлади?
– Мазкур фармон билан Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасида муҳим ўзгариш юз берди.
Чунки фармон билан Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили институти таъсис этилди.
Маълумки, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бунгача Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман)нинг ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Эндиликда Болалар омбудсмани ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади.
Болалар омбудсмани Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади. Мазкур лавозимга номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Вояга етмаганлар ишлари бўйича Республика идоралараро комиссияси Болалар масалалари бўйича миллий комиссияга айлантирилди.
– Миллий комиссияга қандай вазифалар юклатилди?
– Миллий комиссия болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, унинг соғлом турмуш тарзини таъминлашга масъул этиб белгиланди. Шу билан бирга, болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш, боланинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш чораларини кўради. Болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек, уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этади.
Болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш ҳам комиссия зиммасида бўлади.
Болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид маълумотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли органлар ва муассасалар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш, давлат органлари ва ташкилотларнинг, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳам Миллий комиссия иш олиб боради.
Болалар омбудсмани болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди. Уларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ва тарбия колониялари фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилади.
Бир сўз билан айтганда, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ва таъминлаш бўйича махсус тузилмалар фаолият юритиши билан бирга, бу ишлар сифатли амалга оширилиши учун кўмаклашадиган ва айни вақтда назорат мониторингини амалга оширадиган мустақил янги институт фаолият юритади. Бу ушбу соҳада сифатли, амалий натижалар кўрсата оладиган, муҳими, ҳеч бир болани эътибордан четда қолдирмайдиган тизим ишлашини таъминлайди.
ЎзА мухбири
Норгул АБДУРАИМОВА
суҳбатлашди.