English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)нинг ахбороти эшитилди
09:22 / 2021-08-28

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Алия Юнусованинг Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) институтини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ва вазифалар ҳақидаги ахбороти эшитилди.  

Парламент комиссияси раиси Акмал Саидов инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ушбу йўналишдаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда. Миллий қонунчиликни бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилаётир.

Хусусан, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, болалар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, ногиронлиги бўлган болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили  институти таъсис этилди.

Эшитув давомида комиссия аъзолари томонидан янги ташкил этилган институт ўз олдига боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, унинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш, боланинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш чораларини кўриш, болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини, шунингдек, уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш каби устувор вазифаларга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг Буюк Британиянинг Глобал ҳамкорлик бошқарув жамғармаси “Global Partners Governance Foundation” (GPGF) нодавлат ташкилоти билан ҳамкорликни давом эттириш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди.

Айтиш керакки, 2020-2021 йилларда Глобал ҳамкорлик бошқарув жамғармаси ва Парламент комиссияси ўртасида инсон ҳуқуқлари ва ёшлар ҳуқуқларига бағишланган 5 та тадбир ҳамда “инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилишда парламентларнинг роли”, Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Иккинчи халқаро форумлари ўтказилган.

Эшитувда Меҳрибонлик уйларидан чиққан тарбияланувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 28 июль куни кам таъминланган оилалар ҳамда Меҳрибонлик уйларида истиқомат қилувчи болаларни қўллаб-қувватлашга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказиб, ота-онасидан ажраган, меҳрга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар хусусида тўхталган эди. Давлат раҳбари Меҳрибонлик уйларидан чиққан болаларни ўқиш, иш ва уй билан таъминлаш зарурлигини, улар доимо давлат назоратида бўлишини қайд этган эди. Парламент комиссияси аъзолари бу борада амалга оширилаётган ишларни ўрганиб, парламент назоратини ўрнатишга келишиб олдилар.

 Муҳтарама Комилова, ЎзА