Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бола асраб олишнинг тартиблари қандай?
14:04 / 2020-11-21

Халқимиз азалдан ўзининг болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туради.

 Ҳар бир ота-она ўзидан зурриёт қолдириш, солиҳ фарзандлар ўстиришни хохлайди.

Ёш оилаларимизда 4-5 йилдан кейин фарзанд бўлмаса, улар турли йўллар билан фарзанд асраб олиш ташвишига тушишади.

Аммо ҳамма ҳам бу борада етарли тушунчага эга эмас, болани қонуний асраб олиш қоидаларини билмайди. Мана шундайларнинг қонунни тушунмаганликларидан кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда “Фарзандини фалон пулга сотаётган она” каби сарлавҳаларга тез-тез кўзимиз тушмоқда. Бу, албатта, фарзанд асраб олиш қонунчилигини билмасликнинг оқибатидир.

Фарзандликни белгилаш шартлари ва тартиби, боланинг фарзандликка олиниши натижасида юзага келадиган ҳуқуқ ва мажбуриятлар, унинг белгиланиши ёки бекор қилиниши Ўзбекистон Республикасининг “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган.

Шу билан бирга, бўлажак ота-оналар қасддан одам ўлдирмаган, руҳан соғлом, норкологик ва психологик касалликларга дучор бўлмаган ҳамда болага босим ўтказадиган даражада асаб касалликларини бошидан ўтказмаган бўлиши шарт.

Бу босқичлар ўз якунига етгач, асосий ишлар бошланади.

Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг аризасига кўра, васийлик ва ҳомийлик органларининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган бола манфаатларига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси инобатга олинган ҳолда, суд томонидан амалга оширилади.

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза болани фарзандликка олишни истаган фуқаролар томонидан фарзандликка олинаётган боланинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига берилиб, тайёрланган ҳужжатлар илова қилинади.

Қандай болаларни фарзандликка олиш мумкин? Ота- онаси вафот этган, ота-онаси ота - оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган, ота-онаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, ота-онаси болани тарбиялаш ёки ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортган, ота-онаси бир йилдан ортиқ муддат давомида боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган, ота-онаси вафот этган ёки бедарак йўқолган деб эълон қилинган болаларни фарзандликка олиш мумкин.

Боланинг фарзандликка олиниши билан боғлиқ барча расмийлаштириш ишлари бола яшаб турган ҳудудда амалга оширилиши лозим. Ариза ўрнатилган тартибда суд томонидан ўрганиб чиқилгач, суд ажрим чиқариб, бола яшаб турган ҳудуддаги халқ таълими бўлимига юборилади ва илова қилинаётган ҳужжатларни ўрганиб чиққан ҳолда боланинг фарзандликка берилиши мақсадга мувофиқлиги ёки йўқлиги ҳақида хулоса беришни сўрайди.

Қандай ҳужжатлар тайёрланади? Фарзандликка олинаётган боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг нусхаси, эр ва хотиннинг ёзма розилиги, фарзандликка олинувчи ота-онасининг нотариал равишда тасдиқланган розилиги, ота-онасининг вафот этганлиги ҳақида маълумотнома ва суднинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги тўғрисидаги қарори, ота-онанинг боланинг тарбияси ва таъминотидан воз кечганлиги ҳақидаги аризаси ва муассасадан бола ташлаб кетилганлиги ҳақидаги далолатнома, фарзандликка олинаётган боланинг соғлиги ҳолати ва жисмоний ва руҳий ривожланиши тўғрисидаги тиббий хулосаси каби ҳужжатлар тайёрланади.

Ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса, ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган бўлса, ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган, деб топилган ёки вафот этган, деб эълон қилинган бўлса, ота-онаси бир йилдан ортиқ муддат давомида боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса, боланинг ота-онаси ва бошқа яқинларидан фарзандликка берилиши бўйича розилиги талаб этилмайди.

Фарзандликка олинганликнинг сир сақланиши қонун томонидан ҳимояланади. Сир сақланишни бузган шахслар амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликка тортилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига асосан, фарзандликка бериш иши судда кўриб чиқилгач, 20 кундан кейин қонуний кучга киради ва фарзандликка олувчилар суднинг ҳал қилув қарорини тегишли ФХДЁ органига олиб бориб, боланинг дастлабки туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини янгисига алмаштириб олишади ва шу кундан  эътиборан улар боланинг ҳақиқий ота-онаси сифатида барча ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.

Нега мамлакатимизда ноқонуний чақалоқлар савдоси ҳали ҳам давом этяпти, деган яна бир савол туғилиши мумкин. Бизнингча, бунинг энг асосий сабабларидан бири қонуний бола асраб олишда ҳужжатбозликлар ва босқичларнинг ҳаддан ортиқ кўплигидир. Нима бўлганда ҳам жамиятимизда “бола сотиш” каби иллатларга замин яратмасдан, қонуний тарзда фарзанд асраб олайлик.Зеро, бу боланинг келажагига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.

Хурсанд Холова,

Тошкент шаҳридаги 22-Меҳрибонлик уйи директорининг

маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.