“Ўзбекистон фан ва маданияти кунлари” доирасида Озарбайжон халқаро муғом марказида “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлиги тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматига кўра, тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, озарбайжонлик ва ўзбекистонлик ижодкорлар қатнашди.
Тақдимот тадбирида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Акмал Саидов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид икки қардош мамлакат ўртасидаги ўзаро дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади.
“Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуаси жами туркий тилли давлатлар адабиётида муносиб ўринга эга 1 100 нафар муаллифни қамраб олган. Мажмуада 133 нафар машҳур шоир ва адибга алоҳида жилд ажратилди. Шундан 88 нафар ижодкорнинг асарлари ўзига замондош, услуби ва йўналиши жиҳатидан ҳамоҳанг бўлган бошқа адиб ва шоир билан битта жилдга киритилди. Якка ўзига алоҳида жилд ажратилган ижодкорлар сони 45 нафар бўлди.
Тадбирда Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси, Озарбайжон халқ ёзувчиси Анар Рзаев, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Эркин Аъзам, Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси ўринбосари, шоир Салим Бабулла ўғли, Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси, халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо, озарбайжонлик адабиётшунос олим Алмаз Улви ва бошқалар сўзга чиқди.
– Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг уч жиҳатини ҳурмат қиламан, яхши кўраман, – деди Анар Рзаев. – Биринчиси, у туркий дунёни, туркий мамлакатларни бир-бирига яқинлаштирди. Иккинчиси, адабиётга жуда катта эътибор бермоқда. Учинчиси, у озарбайжон халқининг дўсти.
Анар муаллимнинг мана шу гаплари “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасига ҳам берилган катта баҳо бўлди, десак муболаға бўлмайди.
“Умумтуркий адабиёт намуналари” деб номланувчи дастлабки 5 жилддан Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” ва Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, Аҳмад Яссавий ва Сулаймон Боқирғонийнинг “Ҳикматлар”и ҳамда Носируддин Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий” асарлари ўрин олган. Жами 28 жилдни ташкил этган “Ўзбек адабиёти намуналари” Алишер Навоийнинг “Сайланма ғазаллари” билан бошланиб, “Ўзбек замонавий насри антологияси” билан якунланади.
Ушбу 100 жилдлик асарлар мажмуасини тайёрлашда 200 дан зиёд таржимон қатнашди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан яна 50 га яқин адабиётшунос ва матншунос олим, адиб, муҳаррир ва рассом нашрга тайёрлаш, чоп этиш ишларига кенг жалб этилди. Масалан, қирғиз адабиёти намуналарини ўзбек тилига ўгиришда Қирғизистонда истиқомат қилаётган 25 нафар ўзбек шоир ва адиби, Қозоғистонда яшаётган 10 дан ортиқ ижодкор, Туркманистондан 3 нафар ижодкор иштирок этди. Мажмуани нашрга тайёрлашда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига фахрий аъзо бўлган қардош мамлакатлар фуқаролари яқиндан ёрдам берди. Масалан, озарбайжонлик таржимон Рамиз Асқар, қирғизистонлик ижодкорлар Авлиёхон Эшон, Бегижон Аҳмедовнинг иштироки самарали бўлди.
Тадбирда таниқли санъаткорлар Рамиз Усмонов, Озода Нурсаидова, Моҳичеҳра Шомуродованинг қўшиқлари даврага янада завқ улашди.
Н.Усмонова, ЎзА