Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бокуда “Ўзбекистон –Озарбайжон: ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
14:59 / 2023-08-09

Пойтахт Бокуда “Ўзбекистон – Озарбайжон: ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Марказий Осиё халқаро институти – МОХИ ва Озарбайжон халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази – ХМТМ томонидан ўтказилган форумда икки давлат етакчи таҳлилий ва тадқиқот тузилмаларидан 30 дан зиёд мутахассис ва сиёсатшунослар, дипломатик корпус вакиллари, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутатлари ва бошқа қатор мутахассислар иштирок этди.

Халқаро муносабатларни таҳлил қилиш маркази бошқаруви раҳбари Ф.Шафиев Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик ҳолатига юқори баҳо бериб, Президент Илҳом Алиевнинг ўтган йил Тошкентга ташрифи чоғида қўйилган “яхши пойдевор”ни қайд этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга бўлажак давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларига янги суръат бағишлаши, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлашга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

МОХИ директори ўринбосари Ш.Файзиев Ўзбекистон – Озарбайжон ҳамкорлиги изчил мустаҳкамланиб, кенгайиб бораётганини, бунга Озарбайжон раҳбарининг мамлакатимизга тарихий ташрифи, Шавкат Мирзиёев билан музокаралари туртки бўлганини айтди.

Дарвоқе, Президентлар томонидан Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги декларация имзолангани мамлакатлар ўртасидаги шерикликни турли даражада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканлигини намоён этгани муҳим натижалардан бири бўлган.

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Марказий Осиёда эришилаётган ижобий ўзгаришлар барча соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни, жумладан, ҳудудлар ўртасида конструктив мулоқотни янада ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароит яратаётгани қайд этилди.

Озарбайжон эксперт доира вакиллари икки томонлама муносабат ҳолати ва истиқболини юқори баҳолаб, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш ва иқтисодиётни модернизация қилишга қаратилган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини алоҳида эътироф этишди.

Мулоқот чоғида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон янги минтақавий йўналиши туфайли Марказий Осиёда қулай сиёсий муҳит яратилгани ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилаётгани ҳам таъкидланди. Минтақада шаклланган жараёнлар Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама шерикликни ривожлантириш учун яхши имконият очмоқда.

Озарбайжон томони икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқани кенгайтириш истиқболига алоҳида эътибор қаратди. Транспорт, саноат кооперацияси, энергетика, тўқимачилик, тоғ-кон саноати, электротехника ва кимё саноати каби соҳалардаги ҳамкорликка катта қизиқиш билдириляпти.

Муҳокама доирасида иштирокчилар, шунингдек, Ўзбекистон билан Озарбайжон ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболини атрофлича таҳлил қилдилар, ривожланиш ва изчил ривожлантиришни талаб қиладиган устувор йўналишлар белгилаб олинди, икки ва кўп томонлама муносабатни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган таклифлар билдирилди.

Озарбайжон таҳлилий тузилмалари билан ўтказилган қўшма давра суҳбати якунидаМОХИ Озарбайжон ХМТМ билан ҳамкорлик шартномасини имзолади. Ҳужжатикки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликка тизимли тус беришга мўлжалланган бўлиб, қўшма “давра суҳбатлари”, семинар, конференция, илмий-тадқиқотлар ўтказиш кўзда тутилган.

Президент Илҳом Алиев фармони билан 2019 йилда ташкил этилган ХМТМнинг асосий мақсади Озарбайжонда ва жаҳонда рўй бераётган муҳим халқаро жараёнларни таҳлил қилиш, халқаро муаммолар бўйича тадқиқот материаллари ва маърузалар тайёрлаш, Озарбайжон бўйича тадқиқотларни кенгайтириш, хавфсизлик жараёни ва муаммоларни ўрганишдан иборат.

Б.Худойбердиев, ЎзА