Мусиқа, рақс ва маданий мерос – Ўзбекистон ва Озарбайжон бирдамлиги рамзи бўлди. Икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида Боку шаҳрида кенг кўламли лойиҳа – Ўзбекистон маданияти кунларининг очилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғин Ўзбекистон ва Озарбайжон маданият вазирликлари томонидан ташкил этилган бўлиб, санъат усталари иштирокидаги дастур ҳамда фотокўргазмани ўз ичига олади.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида 170 нафардан ортиқ делегациямиз аъзолари, жумладан, Ўзбекистон халқ артистлари, хизмат кўрсатган санъаткорлар, давлат симфоник оркестри, мақом ансамбли, “Наврўз” рақс жамоаси вакиллари иштирок этмоқда.
– Бокуда бизни илиқ кутиб олишди ва ўйлайманки, дастуримиз озарбайжонликларга манзур бўлади, -деди Ўзбекистон маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Бундай тадбирлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатларимиз етакчилари ўртасидаги муносабатлар кўплаб соҳалар, жумладан, маданият соҳасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳар йили Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари, Ўзбекистонда эса Озарбайжон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда.
– Ушбу маданий тадбир кўплаб сонли меҳмонларнинг эътиборини жалб қилишига ишончимиз комил, -дейди Озарбайжон маданият вазири ўринбосари Фарид Жафаров. – Қайд этиш керак, икки ўлка муштарак маданий меросимиз ва қадриятларимизни фаол ва юксак даражада тарғиб этмоқда.

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Акиф Марифлининг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар халқ дипломатиясига асосланган бўлиб, у инсонларни бирлаштираётган ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда.
– Биз Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий руҳидаги мумтоз адабиёт анъаналари асосида шаклланган буюк цивилизация асосчилари ворисларимиз, -деди у. – Қувонарлиси, бугун президентлар Илҳом Алиев ва Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Маданият марказимизнинг вазифаси - ушбу маданий меросни такомиллаштириб, Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти, Озарбайжонда ўзбек маданиятини тарғиб қилишдан иборат.

Ушбу тадбирлар доирасида икки қардош ўлканинг маданият бўйича қўшма комиссияси биринчи йиғилиши, Озарбайжондаги маданий муассасаларга ташриф ва Турк маданияти ва мероси жамғармаси раҳбари билан учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Анжуманнинг ёпилиш маросими Фузулий шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги умумтаълим мактабида ўтказилади.

Азиза Алимова, ЎзА
Боку, Озарбайжон