Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бокуда ОТБ “яшил йўлак” лойиҳаси учун 1 миллион доллар ажратишга тайёрлигини маълум қилди
09:31 / 2025-04-07

Яқинда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида "яшил йўлак" лойиҳасига бағишланган халқаро анжуман ўтказилди. Унда Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг юқори мартабали раҳбарлари, энергетика соҳаси  мутахассислари, халқаро ташкилотлар ва йирик молия институтлари вакиллари иштирок этди.

Бу ҳақда энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов қуйидагиларни маълум қилди: 

–Таъкидлаш керакки, мазкур лойиҳанинг асосий мақсади мамлакатлар ўртасида қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, энергетика тизимларини ўзаро боғлаш ва Европа билан электр алоқаларини йўлга қўйишдан иборат. 

 Озарбайжон, Ўзбекистон ва Қозоғистон қуёш ва шамол энергиясига бой мамлакатлар ҳисобланади.  "Яшил йўлак" лойиҳаси орқали қайта тикланувчи электр энергияси Европага экспорт қилинади. Лойиҳа нафақат иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади, балки глобал даражада тоза энергияга ўтиш жараёнига катта ҳисса қўшади. 

Таъкидланганидек, лойиҳа электр тармоқларини бирлаштириш орқали узилишларни камайтириш, барқарор энергия таъминотини яхшилаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва барқарор келажакни қуришда муҳим қадам бўлади.

Лойиҳанинг биринчи амалиёт босқичи – техник-иқтисодий асосланганликни ўрганиш ишлари бошлангани маълум қилинди. Ушбу жараёнда техник ечимлар, экологик таъсир, харажатлар ва иқтисодий самаралар атрофлича таҳлил қилиниши белгиланган.

Тадбир доирасида "яшил йўлак" лойиҳасида иштирок этувчи мамлакатларнинг энергетика вазирлари иштирокида Энергетика бўйича вазирлар кенгашининг тўртинчи мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Йиғилиш Жанубий газ йўлаги бўйича Консультатив кенгаш доирасида ташкил этилди.

Йиғилиш якунида Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ўртасида ҳамкорликка оид расмий баёнот имзоланди. Ушбу ҳужжатда Осиё тараққиёт банки лойиҳани молиялаштириш учун 1 миллион доллар ажратишга тайёр экани расман маълум қилинди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА