Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор асосида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда
17:39 / 2022-10-27

Маълумки, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор асосида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ушбу спорт турини янги босқичга олиб чиқиш борасида Ўзбекистон бокс федерацияси мутахассислари томонидан янги стратегия ишлаб чиқилди.

Шу асосда кубалик тажрибали бокс мураббийи, профессор Карлос Вилянуева бошчилигидаги мутахассислар ўтган давр мобайнида вилоятларда бўлиб, жойларда бокс машғулотлари ва мавжуд инфратузилмани ўрганиб чиқди.

Ўрганишлар ҳудудларда фаолият олиб бораётган мураббийлар фаолияти ҳамда билим кўникмаларида камчиликлар борлиги аниқланди. Бир қатор спорт таълим муассасаларидаги бокс тренерлари маҳорати талаб даражасида эмаслиги ойдинлашди.

Шу мақсадда Ўзбекистон бокс федерациясида бош котиб Шоҳид Тиллабоев, кубалик бокс мутахассиси Карлос Вилянуева, Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти раҳбари Илҳомжон Турсуналиев, Жисмоний тарбия ва спорт университети ўқитувчилари, мураббийлар иштирокида қарор ижросини таъминлаш бўйича бажарилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Мутахассислар «Ўзбекистонда боксчиларни тайёрлашнинг миллий стандарти» дастури асосида келгуси режаларни белгилашди. Юртимиздаги барча бокс мактаб ва тўгаракларида чарм қўлқоп усталари ушбу дастур асосида тайёрлаш лозимлиги таъкидланди.

Мулоқотлар давомида мамлакатимиздаги мавжуд бокс тўгарак ва машғулот залларида 1300 нафарга яқин бокс мураббийлари иш юритаётганлиги, уларнинг малакасини ошириш жараёни, мураббийларни қайта тайёрлаш масаласида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА