Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боксда катта натижаларга эришган ўзбек ўғлони 
17:31 / 2025-01-10

Бундан беш ой муқаддам, аниқроғи 10 август куни маҳоратли чарм қўлқоп устамиз Баҳодир Жалолов “Париж-2024” Олимпиадасида олтин медални қўлга киритиб, ҳаваскор боксдаги фаолиятини якунлаган эди. Бу муваффақият замирида эса унинг йиллаб тинимсиз меҳнати ётибди.

Баҳодир Жалолов ҳаваскор боксда 12 йил давомида миллий терма жамоамиз таркибида нуфузли мусобақаларда шоҳсупага кўтарилди. Шу ўринда енгилмас боксчимизнинг қўлга киритган ғалабаларини ёдга оламиз. 

Боксчимиз гарчи 2012 йилдан бошлаб катталар жамоаси сафида беллашувларда иштирок этган бўлса-да, унинг халқаро турнирлардаги муваффақиятлари 2015 йилдан қайд этила бошлади. 

Жумладан, 2015 йилда Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган “D.Shapakov”, хотира турнирида, Германиянинг Галле шаҳридаги “Chemistri cup”да, Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ташкил этилган “Буюк ипак йўли” турнирида, Беларуснинг Минск шаҳрида ўтган нуфузли мусобақада ғолиб бўлди. Шунингдек, Болгариянинг София шаҳрида “Странжа кубоги”да кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Қатарнинг Доҳа шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида бронза медаль соҳибига айланди. 

2017 йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ва Козоғистоннинг Актау шаҳрида ўтказилган халқаро турнирда олтин медаль билан тақдирланди. 2018 йил Ҳиндистон мезбонлик қилган “India Open” ва Россиядаги турнирда шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. 

Таиланднинг Бангкок шаҳрида 2019 йилги Осиё ва Россиядаги жаҳон чемпионатида тенгсиз дея эътироф этилди. 2020 йил Иорданияда ўтган Осиё-Океания мусобақасида Токио Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. 

2021 йилги мавсумда “Strandja”, “Gubernator cup” халқаро турнирларида олтин медални ўз ҳисобига қўшиб қўйди. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган Осиё чемпионатида, “Токио-2020” Олимпия ўйинларида тенгсиз эканини исботлади. 

2023 йилги мавсумни “Strandja” халқаро турнирининг олтин медали билан бошлаган Баҳодир Тошкент шаҳрида ўтган жаҳон чемпионати, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ташкил этилган XIX ёзги Осиё ўйинлари ғолиби бўлди. 

Ўтган мавсум ҳам чарм қўлқоп устамиз учун улкан зафарларга бой ўтди. Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган XXXIII ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этган Баҳодир Жалолов барча рақибларини енгиб, мамлакатимиз тарихида илк марта икки карра Олимпия ўйинлари ғолибига айланган оғир вазнли боксчига айланди. Афсуски, унинг бу ғалабаси ҳаваскор боксдаги сўнггиси бўлди. 

Шунингдек, Баҳодир Жалолов 2018-2024 йиллар давомида Президентимиз томонидан “Мард ўғлон”, “Ўзбекистон ифтихори”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” ва “Эл-юрт ҳурмати” ордени каби давлат мукофотлари билан тақдирланди. 

Энди Баҳодир Жалолов профессионал боксда янги тарихий натижалар қайд этишга интилмоқда ва у 6 февраль куни профессионал боксда навбатдаги жангини франциялик Дэвид Спилмонтга қарши ўтказишни режалаштирмоқда. 

Умид қиламизки, енгилмас ўзбек ўғлони профессионал боксда ҳам жаҳонда тенгсиз эканини исботлайди ва бу учун унинг имкониятлари етарли. 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА