Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боксчиларимиз юртимизга қайтиб келди
12:52 / 2021-05-17

Россиянинг Хабаровск шаҳрида 11-15 май кунлари бокс бўйича ўтказилган халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси муносиб иштирок этиб, якунда 4 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза, жами 8 та медални қўлга киритди.

Боксчиларимизни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спорт жамоатчилиги, мамлакатимиз бокс федерацияси аъзолари, спортчиларнинг оила аъзолари тантанали кутиб олди.

Мамлакатимизда спорт, жумладан, боксни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, улар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, бунинг учун кенг имконият, зарур шароитларни яратишга доимий эътибор қаратилмоқда. Пировардида жисмонан ва маънан соғлом, жаҳон ареналарида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир спортчилар тарбияланмоқда.

Мазкур халқаро турнирда дунёнинг 20 га яқин мамлакатидан 150 нафарга яқин чарм қўлқоп усталари баҳс олиб борди. Унда терма жамоамиз сафида Мироншох Ибрагимов, Хуршид Расулжонов, Мужибилло Турсунов ва Лазизбек Муллажонов ўз вазн тоифасида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади. Шунингдек, мусобақада вакилларимиздан Мадияр Саидраҳимов кумуш, Соҳиб Содиқжонов, Жаҳонгир Раҳмонов ҳамда Суҳроб Қаюмов бронза медали билан тақдирланди.

– Мусобақада юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келганимиздан бахтиёрмиз, – дейди олтин медаль соҳиби Л.Муллажонов. – Турнирда 91 килограммдан ортиқ вазн тоифасида иштирок этдим. Барча жанглар ўзига яраша қийин кечди. Олтин медаль учун ўтган баҳсда мисрлик Мустафо Уосрига қарши жанг ўтказдим ва мураббийларимнинг тўғри кўрсатмалари натижасида мусобақа чемпионига айландим. Келгусида бокс бўйича жаҳон ва қитъа чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинларида ғалаба қозонишни мақсад қилганман.

Бугун боксчиларимизнинг ғалабаси барчамизни қувонтирмоқда. Ушбу ғалабалар замирида боксга қаратилаётган улкан эътибор ётибди.

 

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА