Боксчиларимиз World Boxing кубогининг иккинчи босқичидаги юришини бошлади
Польшанинг Варшава шаҳрида World Boxing ташкилоти кубогининг иккинчи босқич баҳслари бошланди. Унда дунёнинг 24 давлатидан келган 180 нафар чарм қўлқоп усталари орасида Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда.
Тўлқин Қиличев ва бир қатор тажрибали мураббийлар бошчилигидаги терма жамоамиз сафидан Миразизбек Мирзаҳалилов (-55 кг.), Самандар Олимов (-60 кг.), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-65 кг.), Ғофур Тоҳиров (-70 кг.), Фазлиддин Эркинбоев (-75 кг.), Жавоҳир Умматалиев (-80 кг.), Акмалжон Исроилов(-85 кг.), Жаҳонгир Зокиров (+92 кг.) ва Хуморабону Мамажонова (-57 кг.) каби боксчиларимиз ўрин олди. Шунингдек, Турнирда Бекжон Юсупов ҳакам сифатида фаолият олиб борадиган бўлди.


Бугун World Boxing ташкилоти кубогининг илк кунида қуйидаги 3 нафар боксчимиз жанг қилади:
-60 кг: Самандар Олимов – Майкл Акото-Ампав (Польша),
-65 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев – Ҳампус Броман (Швеция),
+90 кг: Жаҳонгир Зокиров – Оскар Копера (Польша).
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА