Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боксчиларимиз Осиё чемпионатига қизғин ҳозирлик кўрмоқда
09:49 / 2022-10-25

Қозоғистоннинг Аксай шаҳрида 2007-2008 йилларда туғилган боксчилар ўртасида халқаро “Дўстлик кубоги” мусобақаси ўтказилди.

Халқаро турнирда Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Қирғизистон чарм қўлқоп усталари билан баҳс олиб борган 6 нафар ёш боксчимиз мусобақа якунида 3 та олтин ва 3 та бронза медалига мушарраф бўлди.  

Шиддатли жангларда Шаҳбоз Эргашев (52), Ҳикматулло Ўлмасов (60) ва Акбар Аҳмадов (63) олтин, Муҳаммадазиз Қўлдошалиев (50), Иброҳим Ғиёсов (52) ва Муродилла Суннатуллаев (54) бронза медалини қўлга киритди.  

Қаршида поёнига етган Қашқадарё вилояти ҳокими кубогида эса мезбонлар, Бухоро, Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳамда пойтахтлик боксчилар энг кўп совринли ўринларга эга чиқишди.  

Яна икки йилдан кейин Парижда ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришда қитъа чемпионатининг аҳамияти беқиёс.  

Мазкур тамойилга амалга қилган боксчиларимиз жорий йилнинг 31 октябрь — 13 ноябрь кунлари Иордания пойтахти Амман шаҳрида бокс бўйича ўтадиган Осиё чемпионатига қизғин ҳозирлик кўрди.  

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, мураббийлар Хуан Энрике Тиссерт, Хулио Ли,  Раҳматжон Рўзиохунов, Ҳамза Авезов, Даврон Ғофуров ва Хесус Моралес етакчилигидаги 13 нафар боксчимиз кеча Амманга йўл олди.  

Терма жамоа таркибидан Олимпия ўйинлари ғолиби Ҳасанбой Дўсматов, ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони Лазизбек Муллажонов, ёшлар Олимпиадаси совриндори Абдумалик Халаков, жаҳон чемпионати совриндори Мадиёр Саидраҳимов қатори Руслан Абдуллаев, Асилбек Жалилов, Шаҳзод Музаффаров, Адҳамжон Муҳиддинов, Ҳавасбек Асадуллаев, Асадхўжа Мўйдинҳўжаев каби иқтидорли ёшларимиз ҳам жой олган.  

Мамлакатимиз боксчилари 30 октябрга қадар Амманда қитъа чемпионатига тайёргарликнинг сўнгги босқичини ўтказади. Эслатиб ўтамиз, мазкур чемпионатда Осиёнинг 40 га яқин мамлакатидан терма жамоалар иштирок этиш учун талабномаларни тақдим этган.  

Умидимиз, Қозоғистонда 6 нафар ёш боксчи билан қатнашиб юз фоизлик натижага эришган ўсмирларимизнинг йўли Амманда давом этсин. 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА