Иорданиянинг Амман шаҳрида ўсмирлар ва кичик ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бошланди. Мазкур мусобақа “World Boxing” ташкилоти томонидан ўтказилмоқда. Унда 18 давлатдан 399 нафар чарм қўлқоп усталари қатнашмоқда.
Мусобақанинг биринчи кунида кичик ўсмирлар тоифасида Ўзбекистон терма жамоасининг 4 нафар вакили рингга кўтарилди. Вазни -43 кг. бўлган Зарифжон Неъматов Хитой Таймейи вакили Я-Ге Панни учинчи раундда техник нокаутга учратиб, кейинги босқичга йўл олган бўлса, -46 кг. вазн тоифасида Ойбек Олимжонов БАА шарафини ҳимоя қилган Марван Алшеебани биринчи раунддаёқ техник нокаутга тушириб қўйди. Афсуски, Улуғбек Солиев ва Шоҳрух Худойбердиев ўз вазн тоифасида мағлуб бўлди.

Бугун, 20 апрель кунги баҳсларда ўсмирлар ёш тоифасида жанглар ташкил этилади ва унда терма жамоамизнинг 5 нафар вакили жанг қилади:
-50 кг: Динислом Давлатиёров – Сергей Артеменко (Украина);
-54 кг: Сабрина Чакаманова – Хадича Сафинова (Қирғизистон);
-52 кг: Асадбек Эсонбоев - Казума Кумамото (Япония);
-54 кг: Бобомурод Боймирзаев – Ҳайитмурат Астанов (Туркманистон);
-57 кг: Асилбек Абдуқодиров – Моҳаиме Ал-Аллакмо (Ироқ).
Осиё чемпионати 1 майга қадар давом этиб, 19-25 апрель кунлари саралаш, 26-27 апрелда ярим финал ва 29-30 апрель кунлари финал беллашувлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА