Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Боксчиларимиз муваффақиятли одимламоқда
10:11 / 2025-12-09

Бирлашган Араб Амирликларида бокс бўйича IBA ташкилоти томонидан ўтказилаётган жаҳон чемпионати ўзбек чарм қўлқоп усталари учун муваффақиятли ўтмоқда.

Мусобақада -75 кг. вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Фазлиддин Эркинбоев иккинчи жангини Арманистон вакили Вахтанг Арутюнянга қарши ўтказди ва унда 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.  

Энди Фазлиддин навбатдаги жангини нимчорак финал доирасида Озарбайжон шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Саиджамшид Жафаровга қарши ўтказади.  

-60 кг. вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Абдумалик Халаков иккинчи босқичда испаниялик Энрике Какуловни таслим этган бўлса, вазни -48 кг. бўлган Шодиёр Мелиқўзиев илк жангида Қирғиз Республикаси вакили Анваржан Ҳожиевни, супероғир вазн (+92 кг) тоифасида жанг қилаётган Арман Маханов эса беларуслик Уладислау Смиахликауни, -92 кг. вазн тоифасида Тўрабек Ҳабибуллаев бразилиялик Калил Луан Брасилни енгди.

Шунингдек, -80 кг. вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Жавоҳир Умматалиев чемпионатдаги учинчи жангини қирғизистонлик Омурбек Бекжигит Уулуга қарши ўтказди ва 5:0 ҳисобида зафар қучди. Энди Ж.Умматалиев чорак финалга чиқиш учун Сербия терма жамоаси аъзоси Артём Агеевга қарши рингга кўтарилади.  

Яна бир ҳамюртимиз Асадхўжа Мўйдинхўжаев вазни -67 кг. бўлган боксчилар орасида 1/8 финалда “IBA PRO” шарафини ҳимоя қилаётган арманистонлик Армен Машакарянни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ҳамда кейинги жангини қозоғистонлик Санатали Толтаев билан жанг ўтказадиган бўлди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА