Боксчи қизларимиз янги маррани забт этди
БААнинг Дубай шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг қизлар ўртасидаги беллашувларида ғолиб ва совриндорлар номи аниқ бўлди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 8 медални қўлга киритди.
Мусобақанинг 57 килограммгача вазн тоифасида Ситора Турдибекова сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида қозоғистонлик Владислава Кухтага қарши жанг қилиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, ўз вазн тоифаларида финалга қадар муваффақиятли иштирок этган Гуласал Султоналиева, Ситора Шогдарова, Навбаҳор Ҳамидова, Мавлуда Мавлонова ҳамда Соҳиба Рўзметова кумуш медаль билан тақдирланди.

Умидли спортчиларимиздан Моҳинабону Абдуллаева ва Моҳира Абдуллаева Осиё чемпионатининг бронза медали билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, бугун – 31 май куни эркаклар ўртасида финал баҳслари бўлиб ўтади. Унда 7 нафар боксчимиз олтин медаль учун рингга кўтарилади.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА