Қозоғистоннинг Костанай шаҳрида бокс бўйича якунланган ёшлар ўртасидаги XXII халқаро турнир мамлакатимиз спортчилари учун омадли кечди.
Ҳамюртларимиз халқаро мусобақада Ироқ, Яман, Покистон, Польша, Тожикистон, Қирғизистон ва мезбон Қозоғистоннинг 120 нафар истеъдодли боксчилари билан ўтказган жанглар якунига кўра, умумий ҳисобда 14 та медални қўлга киритди. Шундан 2 та олтин, 5 та кумуш ҳамда 7 та бронза медаллари.
Терма жамоамиз аъзоларидан Суҳроб Аминов ва Абдулазиз Абдураҳмонов олтин медалга эга чиққан бўлса, Жавоҳир Умматалиев, Фазлиддин Эркинбоев, Алишер Аюбов, Айназар Кенесбаев, Раҳматилло Бойматовлар кумуш, Миралижон Мавлонов, Абдували Бўрибоев, Забардаст Ҳаётов, Ҳусан Турдалиев, Аман Консбеков, Тўрабек Ҳабибуллаев ва Муҳаммаджон Файзуллаев ўз вазнларида бронза медалларига сазовор бўлди.
Жорий йилнинг 5-20 ноябрь кунлари Испаниянинг Ла-Нусия-Бенидорм шаҳрида ёшлар ўртасида ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик вазифасини ўтаган мусобақада ўзбекистонлик ёш рефери Қаҳрамон Каримов халқаро турнирнинг энг яхши ҳаками сифатида эътироф этилди.
Костанайда муваффақиятга эришган истеъдодли боксчиларимиз бугун Ўзбекистонга қайтиб келишади.
Шунингдек, шу кунларда бокс бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Қувайтнинг Ал-Қувайт шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида “1-Қувайт халқаро бокс турнири”да иштирок этишга ҳозирланмоқда.
Дунёнинг 20 га яқин мамлакат вакиллари иштирок этиши кутилаётган турнирда Раҳматжон Рўзиохунов етакчилигидаги 7 нафар боксчимиз ўз вазнларида ғолиблик учун жанг олиб боради.
Улар сафида ёшлар олимпиадаси ғолиби Абдумалик Ҳалаков, жаҳон чемпионати совриндори Дилшод Рўзметов каби тажрибали спортчилар билан бир қатор ёшлар ҳам Қувайт рингида маҳоратини намойиш этишади.
Т.Рўзиев, ЎзА