English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бокс ва оғир атлетика бўйича халқаро мусобақаларда ҳамюртларимиз совриндор
10:27 / 2022-10-10

Олимпия спорт турлари бўйича ўтадиган ҳар қандай кўринишдаги нуфузли мусобақаларда спортчиларимиз совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Айниқса, бокс ва оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳамиша нуфузли чемпионатларда ватанимиз номини улуғлашига ўрганиб қолганмиз.

Оғир атлетика ва боксчиларимиз ўтаётган йил мобайнидаги барча халқаро мусобақаларда у ёки бу шаклдаги медалларга сазовор бўлишмоқдаки, ортда қолган 9 ойлик сарҳисобга кўра, биргина оғир атлетикачиларимиз халқаро мусобақаларда бугунгача 100 дан зиёд медаллар шодасига эга чиқди. Бу, Мексикада ўсмирлар, Грецияда ёшлар иштирокидаги жаҳон чемпионатлари, Тошкентда ёшлар ва ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионати ҳамда Туркияда ташкил этилган “Ислом бирдамлиги” ўйинларидаги муваффақиятлар. 

Бу анъанани оғир атлетикачиларимиз айни кунларда Баҳрайнда давом этаётган қитъа чемпионатида яна бир карра исботлашди. Чемпионатнинг дастлабки кунида 49 кг вазн тоифасида совринли ўринлар учун баҳс юритган Жамила Панфилова даст кўтаришда 79 килограмм тошни буйсундириб, бронза медалига эга чиққан бўлса, кеча ўтган мусобақаларда 55 кг вазн тоифасида супачага кўтарилган Нигора Абдуллаева даст кўтариш машқида 87 кг билан учинчи, силтаб кўтаришда эса 106 кг билан тўртинчи натижани қайд этди. Икки курашдаги 193 килограмм натижа якунда спортчимизнинг чемпионатда 3-ўриндан жой олишини таъминлади. 

Осиёнинг 29 та мамлакатидан 200 нафарга яқин спортчи иштирок этаётган чемпионат мусобақалари 16 октябрга қадар давом этади. 

Ҳар қандай халқаро мусобақани медалсиз якунламаётган боксчиларимиз шу кунларда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида ташкил этилаётган халқаро турнирда анъанага содиқ қолишди. Боксчиларимиздан Давлатбек Аъзамов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Бегали Қирғизбоев, Самандар Жалолов ва Раҳимжон Қаҳрамонов бугунгача ўтган баҳсларда турнирнинг олтин медалларига эга чиқди. Аюбхон Бахтиёров, Бекзодбек Холдоров, Сардорбек Ғаниев, Элёр Жўрабоев каби боксчиларимиз мусобақани бронза медали билан якунлашди.

Тўлқин Рўзиев, 
ЎзА