Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да бокс бўйича кичик ўсмир қизлар ва болалар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати мамлакатимизнинг энг иқтидорли ёш чарм қўлқоп усталарини аниқлаб бергани билан аҳамиятли бўлди.
Икки ҳафтага яқин вақт давомида муросасиз жангларга бой бўлган чемпионат ўзбек боксининг келажак авлодини аниқлаш билан бир қаторда, ҳудудлар ва алоҳида спорт жамоаларида мураббийларнинг иш тизими қай даражада ташкил этилаётганини амалда кўрсатиб берди.

Жанглар сарҳисобига кўра, Тошкент вилояти вакиллари 4 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медалига эга чиққан ҳолда умумжамоада 1-ўринни эгаллади.

4 та олтин, 4 та бронза медалини жамғарган Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган мактаб жамоаси 2-ўринни, 2 та олтин, 7 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритган Республика олимпия ва паралимпия спорт маркази вакиллари кучли учликни банд этди.
Шунингдек, 1 тадан олтин медалли бўлган Андижон, Наманган ҳамда Қашқадарё вилояти жамоалари кейинги поғоналарда кўриниш бергани ушбу ҳудудларда ҳам маҳоратли боксчи ёшлар тайёрланаётганидан далолат, дейиш мумкин.
Т.Рўзиев, ЎзА