Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бокс: Осиё чемпионати ўзбек бокс салоҳиятини намойиш этди
17:21 / 2022-01-30

29 январь куни пойтахтимизда 22 ёшгача бўлган боксчилар ўртасидаги Осиё чемпионати ўз поёнига етди.

Муросасиз баҳслар давомида қизлар ўртасида 12 та, ўғил болалар ўртасида эса 13 та вазнда қитъа чемпионлари аниқланди.

Қитъанинг 12 давлатидан 150 нафарга яқин ўғил-қизлар илк бор ушбу ёш тоифасидаги чемпионатда иштирок этганлиги жаҳон боксининг ўзига хос воқеаси бўлди.

Тошкент жаҳон боксининг ривожи йўлида, унинг халқаро спорт майдонидаги навқиронлигини таъминлаш борасида ва энг муҳими, олимпия спорт турлари орасида қадимийлиги билан ажралиб турган спорт турига ёшлик завқини олиб келди. Зотан, 22 ёш рингнинг айни шиддатини, унинг жозибасини кўрсатиб берадиган палла ҳисобланади. Ўзбекистон пойтахти қитъа чемпионатини ўтказиш орқали бокснинг халқаро спорт оламидаги обрўсини янада ёрқинроқ намойиш эта олди.

Бу ҳақда нуфузли мусобақа олдидан ўтказилган матбуот анжуманида шунингдек, чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган Халқаро бокс федерацияси раҳбари Умар Кремлев, Осиё бокс конфедерацияси президенти Анас Ал-Отаиба ва бошқа мутахассислар алоҳида эътироф этишди.

Якунланган чемпионат баҳслари ҳақида шуни айтиш лозимки, Ўзбекистон боксчилари том маънода матонат кўрсатишди.

Қизлар ўртасидаги мусобақалар сарҳисобига кўра, 5 нафар вакилимиз финал йўлланмасига эга чиққанди.

Уларнинг 4 нафари олтин медалларга сазовор бўлди. Бир нафари кумуш медални қўлга киритиб, мамлакатимиз аёллар боксидаги юксалишни кўрсатди.

Ўғил болалар ўртасидаги 13 та вазннинг 12 тасида юртимиз ёш чарм қўлқоп усталарининг олтин медалларга эга чиққанлиги қувончли воқеа бўлганлигини эътироф этмоқ жоиз. Бу, ўзбек боксининг янги авлоди катта спорт майдонига кириб келганлигини кўрсатмоқда.

Қиз болалар ўртасида 48 кг вазнда Фарзона Фозилова тожикистонлик Сумая Қосимовани, 50 кг.да Сабина Бобоқулова Шри-Ланка вакиласи Ботологени,  52 кг.да Феруза Казакова япониялик Киношитани, 63 кг.да Моҳинабону Абдуллаева мўғулистонлик Таетсегдарини мағлубиятга учратиб, олтин медалларга мушарраф бўлишди. Фақат 54 кг.даги вакиламиз Нигина Ўктамова финал жангида мўғулистонлик боксчи Монкхорга тенг курашлар остида имкониятни бой бериб қўйди.

Ўғил болалар ўртасидаги финал жангларида 48 кг вазнли боксчимиз Асилбек Жалилов биринчи раундда япониялик рақибини нокаутга учратиб, олтин медалга эгалик қилиши бошқа спортчиларимизга ҳам руҳий қувват бағишлади.

Натижада 51 кг.да Муҳаммадқодир Мамиржонов, 54 кг.да Шаҳзод Музаффаров, 57 кг.да  Дилшод Абдумуродов, 60 кг.да Хуршид Расулжонов, 63,5 кг.да Руслан Абдуллаев, 67 кг.да Жавлонбек Йўлдошев, 71 кг.да Азиз Тожиев, 75 кг.да Абдулазиз Абдупаттаев 80 кг.да Жасурбек Йўлдошев, 86 кг.да Темур Мержанов ва +92 кг.да Жаҳонгир Зокировлар Осиё чемпиони мақомига эришишди.

Якунланган қитъа чемпионатида мамлакатимизнинг умидли спортчилари умумий ҳисобда 16 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза, жами 20 та медаллар шодасига эга чиққан ҳолда Осиё чемпионатида умумжамоада 1-ўринни эгаллади.

Чемпионатда муносиб натижаларга эришган спортчилар ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида Осиё бокс конфедерацияси президенти Анас Ал-Отаиба, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Муроджон Мамадалиев ва бошқалар иштирок этишди.

Чемпионат якунланди. Унда 16 марта мамлакатимиз мадҳияси янгради. 20 марта Ўзбекистон байроғи юксалди. Асосийси, мазкур нуфузли мусобақа туфайли жорий йилда ўтказиладиган ёзги Осиё ўйинлари, келгусида ўтадиган жаҳон чемпионатлари ҳамда олимпия ўйинларида иштирок этиши мумкин бўлган Ўзбекистон боксчиларнинг янги авлоди муҳим имтиҳондан ўтказилди.

[gallery-5603]

Тўлқин Рўзиев, ЎзА