"Лос-Анжелес-2028" сари йўл шу ердан бошланади" шиори остида ўтаётган бокс бўйича мамлакат чемпионати ўзининг юқори нуқтасига яқинлашмоқда.
Беш кунлик саралаш ва чорак финал жангларидан сўнг кеча боксчи қизлар ўртасида ярим финал жанглари ўтказилиб, финалчилар номи маълум бўлди. Эркаклар ўртасида эса ярим финалчилар аниқланди.
Ортда қолган жанглар сарҳисобига кўра, Фарғона ва Самарқанд вилоятининг 4 нафардан, Наманган вилояти, Қароқалпоғистон Республикаси ва Спорт академиясининг 2 нафардан ҳамда Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларининг 1 нафардан вакиллари олтин медалларга даъвогарлик қилиш ҳуқуқига эга чиқишди.

Боксчи қизларимиздан 48 килограммда Сабина Бобоқулова - Фарзона Фозилова, 51 килода Гулсевар Ғаниева - Феруза Казакова, 54 килода Нигина Ўктамова - Робия Равшанова, -57 килограммда Хуморабону Мамажонова - Раҳима Бекниёзова, -60 килода Ситора Турдибекова - Севара Маматова, 65 килода Навбаҳор Ҳамидова - Дилфуза Бекова, -70 килода Мафтуна Янгиева - Азиза Зокирова, 75 килода Мавлуда Мовлонова -Айсанем Саруарова, 80 килода Рухшона Парпиева - Диёрахон Абдуманнопова, +80 килода Олтиной Сотимбоева - Собирахон Шаҳобиддинова Ўзбекистон чемпионлиги учун рингга кўтариладиган бўлди.

Бугун, 20 январь чемпионат иштирокчилари учун дам олиш куни этиб белгиланган бўлса, эртага 21 январь куни боксчи йигитлар ўртасида ярим финал жанглари, 22 январь куни эса эркаклар ва аёллар ўртасида финал мусобақалари ташкил этилади.
Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шаҳид Тиллабоевнинг билдиришича, мамлакат чемпионатининг ярим финал ва финал жанглари "Зўр ТВ"нинг "Ренессанс холл" аренасида эмас, айнан “Олимпия шаҳарчаси”даги рингларда бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА