Ўзбекистон бокс федерациясида Вазирлар Маҳкамаси, Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда бокс федерацияси мутасаддилари иштирокида навбатдан ташқари йиғилиш ташкил этилди.
Бу ҳақда федерация матбуот хизмати хабар берди.
Маълумки, мамлакат миллий терма жамоасини узоқ вақт давомида Марат Қурбонов бошқариб келаётганди. Айнан ушбу етук мутахассис етакчилигида боксчиларимиз Олимпия ўйинларида, Жаҳон ва Осиё чемпионатларида умумжамоа ҳисобида юқори ўринларни қўлга киритди.
Йиғилиш давомида Марат Қурбоновнинг юртимиз боксчиларини тайёрлаш, катта ғалабаларни таъминлашдаги алоҳида хизматлари эътироф этилди.
Муҳокамалар давомида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сўнгги йилларда жаҳон миқёсида кўзга кўринарли ютуқларни қўлга киритганлиги, аммо терма жамоада авлодлар алмашинуви мураббийлар штабида ҳам юз бериши кераклигини вақт кўрсатаётганлиги айтилди.
Билдирилган фикрлар, таклифлар натижасида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий сифатида тажрибали мутахассис Тўлқин Қиличев номзоди илгари сурилди ва маъқулланди.
ЎзА