Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бокс бўйича Осиё чемпионларини кутиб олиш жараёнларидан фоторепортаж
11:22 / 2021-06-03

Аввал хабар берганимиздек, 24-31 май кунлари БААнинг Дубай шаҳрида бокс бўйича навбатдаги Осиё чемпионати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 7 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронза, жами 18 та медални қўлга киритди. Кеча Ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилган боксчиларимиз Тошкентга қайтиб келишди.

 Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида ўтган тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Мудофаа вазирлиги мутасаддилари, спортчиларимизнинг ота-оналари ва яқинлари, ОАВ ходимлари ва кенг спорт жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.

 Делегациямизни Азиз Абдуҳакимов қарши олди ва музаффар боксчиларимизни қўлга киритилган ғалабалар билан қутлади. Шундан сўнг мутасаддилар, делегациямиз ва боксчиларимизнинг яқинлари аэропортдан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси томон йўл олишди.

[gallery-2661]

 Тадбир аввалида бугунги кун қаҳрамонлари яна бир бор эътироф этилиб, уларнинг ғалабалари ёдга олинди. Азиз Абдуҳакимов барчага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг боксчиларимизга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Табрикнинг асл нусхаси Ўзбекистон бокс федерациясига топширилди. Уни федерация бош котиби Мурод Мамадалиев қабул қилиб олди.

 Президентимиз томонидан йўлланган табрик терма жамоамизни янада руҳлантирди. Тадбир давомида ушбу қитъа биринчилигида чемпионликни қўлга киритган Баҳодир Жалолов, Ситора Турдибекова, терма жамоа катта мураббийи Раҳматжон Рўзиоҳунов сўз олиб, юртбошимизнинг эътиборидан мамнун эканликлари, келажакда бундай ишончни оқлаш учун бор куч-ғайратларини ишга солишларини таъкидлаб ўтди. Боксчиларимизнинг ота-оналари номидан Сабоҳат Жалолова ҳамда Юсупбек Рўзметов ҳам сўзга чиқиб, ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.

Тадбир якунида Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов фахрийлар номидан ушбу тадбир учун ўзига хос мантиқий якун ясаб берди.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги Осиё чемпионатида делегациямиз умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, эркаклар жамоамиз қитъада кетма-кет учинчи бор тенгсиз эканликларини исботлади.

 Энди навбат Токио-2020 га!

Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА